Маданият вазирлиги Тошкентда СССР байроғи кўтарилган концертга муносабат билдирди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Тошкентнинг “Халқлар дўстлиги” майдонида ўтказилган концерт дастурида собиқ СССР байроғининг кўтарилиши ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Мустабид тузум рамзининг марказий майдонларда кўтарилиши провокация деб баҳоланмоқда.

“Халқлар дўстлиги” майдонида ўтказилган концерт бўйича Маданият вазирлиги расмий муносабат билдирди.

“1 май куни “Халқлар дўстлиги” санъат саройининг олд томонида “Хор турецкого и сопрано”  жамоаси томонидан “Ғалаба қўшиқлари” куйланиб, концерт дастури намойиш этилган эди. Эндиликда ижтимоий тармоқларда ушбу концерт давомида томошабинлар орасида кимларнингдир қизил байроқ кўтаргани ҳолати акс этган суратлар кенг тарқалиб, кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур вазиятга Маданият вазирлиги қуйидагича муносабат билдиради”, дея бошланган расмий баёнот.

Қайд этилишича, Михаил Турецкий мусиқа холдинги томонидан 2018-2019 йиллар давомида 14 та давлатда концерт дастурлари намойиши ўтказилган. 2020 йилда ҳам пандемияга қарамай Европанинг 13 та давлатида концерт дастурлари ташкил этилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 30 апрель куни Душанбе ҳамда 2 май куни Бишкек шаҳарларида ҳам халқлар ва миллатлар ўртасидаги ҳамдўстлик, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадига йўналтирилган мусиқий дастурларни тақдим этган.

“Маданият вазирлиги ушбу концерт дастурининг Ўзбекистонда ўтказилишида ҳамкор ҳисобланиб, фақат саҳнадаги жараёнларга жавобгарликни ўз зиммасига олган. Яъни иштирокчиларнинг саҳнада ўзини тутиши, миллий урф-одат ва анъаналарга зид бўлмаган мусиқий дастурлар тақдим этилишини назорат қилиб, намойишнинг бадиий савияси, етуклигига жавобгар ҳисобланади. 

Лекин бугун ҳар биримиз миллийлигимиз, тилимиз, маданиятимиз, урф-одат ва анъаналаримиз тарғиботи йўлида хизмат қилар эканмиз, буни кенг оммага мажбурлаб ёки кескин танқид руҳида эмас, балки ўзимиз намуна кўрсатган ҳолда етказишимиз лозим деб биламиз. Бунга шу юртнинг ҳар бир фарзандини масъул деб ҳисоблаймиз”, дейилади вазирлик муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минхожиддин Хожиматов ва “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров “Дружба”да кўтарилган СССР байроғига муносабат билдирди. Уларнинг бири бу ҳолат билан муроса қилиб бўлмаслигини, иккинчиси мустабид тузум байроғининг ҳилпираши ўзбек халқи учун ҳақорат эканини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Маданият вазирлиги

Баҳолаганлар

1307

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг