Маҳсанинг ўлими ортидан Канада Эронга санкцияларни кучайтирди
Олам
−
08 Октябрь 2022
6348Канада ҳукумати Эронга қарши санкцияларни кучайтирмоқда, бу эса Ислом инқилоби гвардияси корпусининг 10 мингдан ортиқ аъзосини (Эрон элита бўлинмалари) Шимолий Америка мамлакатига кириш ҳуқуқидан доимий маҳрум қилади, шунингдек, ушбу тузилма билан боғлиқ барча операцияларни тақиқлайди. Бу ҳақда Канада Бош вазири Жастин Трюдо кеча, 7 октябрь куни журналистларга маълум қилди.
“Ушбу чора жиноят ёки геноцид содир этувчи режимларга нисбатан энг оғир ҳолатлардагина қўлланилади. Бу Ислом инқилоби гвардияси корпуси юқори раҳбариятининг 50 фоизи, давлатнинг бу жирканч хатти-ҳаракати учун масъул бўлган 10 мингдан ортиқ зобит ва юқори мартабали аъзоларининг Канадага кириш ҳуқуқидан маҳрум қилади”, дейди Трюдо.
Бундан ташқари, Оттава Ислом инқилоби гвардияси корпуси билан барча операцияларни тақиқлайди.
Трюдонинг таъкидлашича, Оттава шунингдек, Канадада Эрон расмийлари ва ҳарбийлари томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган пул ювиш ва ноқонуний молиявий фаолиятга қарши кураш, шунингдек, келиб чиқиши эронлик бўлган канадаликларни чет эл аралашувидан ҳимоя қилиш имкониятларини оширади.
Бунинг учун, хусусан, Канада Ташқи ишлар вазирлигида махсус янги санкциялар бюроси ташкил этилади. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан 76 миллион Канада доллари (55,4 миллион АҚШ доллари) ажратилади. Канада Бош вазири Оттава Теҳронга қарши санкциялар сиёсатини давом эттириш ниятида эканини қўшимча қилди.
3 октябрь куни Канада инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши, жумладан, аёлларни мунтазам таъқиб қилиш, хусусан, Маҳса Аминининг ўлимига сабаб бўлган Эрон ахлоқ полицияси томонидан содир этилган қўпол хатти-ҳаракатларга жавобан 25 нафар эронлик жисмоний ва 9 юридик шахсга нисбатан санкциялар жорий қилди. Санкциялар, хусусан, Ислом инқилоби гвардияси корпуси қўмондони Ҳусайн Саламий, Ислом инқилоби гвардияси корпусининг "Ал-Қудс" махсус кучлари қўмондони Исмоил Каани, Эрон ахлоқ полицияси раҳбари – Эрон разведка вазири Саййид Исмоил Хатиб, шунингдек, разведка вазирлигига тегишли.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо бермоқда.Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.
Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.
LiveБарчаси