Маҳаллий ҳокимиятларга қатор тақиқлар қўйилди
Жамият
−
14 Август 2019
9228Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Фармон билан қуйидагилар барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг муҳим вазифалари этиб белгиланди:
тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг сўзсиз бажарилиши, мулк ва бошқа мулкий ҳуқуқлар бузилишига йўл қўйилмаслиги тамойилларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш;
аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, барқарор ривожланаётган тадбиркорлик субъектлари сонини янада кўпайтириш бўйича тизимли чоралар кўриш, шунингдек, ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган тадбиркорлар билан ишлашни кучайтириш;
фаолият кўрсатмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва нотураржой объектлари негизида кичик саноат зоналарини ташкил этиш, ер участкаларини белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион орқали ажратишда кўмаклашиш;
тадбиркорлик субъектларининг молиявий, товар ва хом ашё ресурслари, муҳандислик-коммуникация тармоқларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши, инвестиция ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштиришида амалий ёрдам кўрсатиш;
тадбиркорлик субъектлари учун мавжуд имкониятлар, имтиёзлар ва бошқа молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида, давлат идораларининг расмий веб-сайтларида мунтазам равишда ёритиб бориш;
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Адлия вазирлиги билан биргаликда консультатив ёрдам ва ахборот жиҳатдан таъминлаш, тадбиркорларнинг молиявий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича жойларда семинар-тренинглар ўтказиш;
тадбиркорларга бизнес форумлар, кўргазмалар ва ярмаркаларни ташкил этиш ва ўтказишда кўмаклашиш, уларда маҳаллий ва хорижий тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлаш;
тадбиркорларга ишончли шериклар ва ишлаб чиқараётган маҳсулотлари учун янги бозорларни топишда, экспорт салоҳиятини оширишда амалий ёрдам кўрсатиш.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига қуйидагилар тақиқланди:
тадбиркорлик субъектларини ўзларининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ҳамда бошқа ишларга мажбурий жалб қилиш;
тадбиркорлик субъектларини ҳар қандай шаклда қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга (экиш ва йиғиб олиш ишларига) ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;
тадбиркорлик субъектлари иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш.
LiveБарчаси