Мьянмадаги зилзила қурбонлари сони мингдан ошиб кетди (фото)

Олам

image

Мьянмада зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1002 кишига етди, яна 2376 киши жароҳат олган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, 28 март куни содир бўлган кучли зилзила оқибатида мамлакатнинг барча зарар кўрган ҳудудларида 1002 киши ҳалок бўлган, 2376 киши жароҳат олган, кўплаб одамлар бедарак йўқолган.

Минглаб аҳоли электр ва алоқа узилишлари сабабли Мьянмада табиий офатнинг оқибатларини акс эттирувчи янги фотосуратларни эълон қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Мамлакатнинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган Мандалайдан олинган суратларда зарар кўрган масжид акс этган. BBC’нинг бирман хизмати хабарига кўра, 28 мартдан 29 март тонгигача Мандалай шаҳрида ер ости силкинишлари давом этган. Мьянманинг иккинчи йирик шаҳри аҳолиси кечани очиқ ҳавода ўтказишга мажбур бўлган, чунки улар 7,7 магнитудали кечаги зилзила яна қайтарилишидан қўрққан.

Мьянмадаги ҳарбий хунта раҳбари Мин Аунг Хлаинг халқаро ёрдам сўраб чиқиш қилган.

“Мен ҳар қандай давлат, ташкилот ёки шахсни Мьянмага келиб, ёрдам беришга таклиф қиламан. Раҳмат”, деган у телемурожаатида.

Шунингдек, у хорижий ёрдам учун “барча йўлларни очганини” қўшимча қилган. АҚШ, Европа Иттифоқи, ASEAN ва Хитой аллақачон ёрдам беришга ваъда берган.

BBC бирман хизматига кўра, Мьянмадаги энг йирик иккита шаҳар – Мандалай ва Янгонда электр энергияси ва алоқа тармоқлари ишламаяпти.

“Электр йўқ бўлса, телефонларни қувватлаб бўлмайди. Узоқда яшовчи оиламиз билан боғланиш қийин. Интернет ишламаяпти, чунки электр таъминоти йўқ”, дея шикоят қилган бугун, 29 март куни эрталаб Мандалай аҳолиси.

Мьянманинг ғарбий қўшниси Ҳиндистон бугун, 29 март куни эрталаб зилзиладан энг кўп зарар кўрган ҳудудга гуманитар ёрдам жўнатган. Кеча, 28 март куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ёрдам беришга ваъда берган ва ҳинд ҳукумати “шай ҳолатда” эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Мьянмада содир бўлган зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 694 кишига етгани ва 1670 киши жароҳатланиб, 68 киши бедарак йўқолгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

зилзила Мьянма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг