Мьянмадаги зилзила қурбонлари 700 нафарга яқинлашди
Олам
−
29 Март
2081Мьянмада содир бўлган зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 694 кишига етди, 1670 киши жароҳатланди, 68 киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда “Sky News” хабар берди.
Хитой сейсмологик маркази маълумотларига кўра, кеча, 28 март куни соат 14:20 да Мьянмада 7,9 магнитудали зилзила қайд этилган (21,85 даража шимолий кенглик, 95,95 даража шарқий узунлик). Зилзиланинг эпицентри 30 км чуқурликда жойлашган.
Зилзила таъсири Таиланд, Бангладеш, Лаос, Хитой ва Ҳиндистонда ҳам сезилган. Таиланд пойтахти Бангкокда қурилаётган 30 қаватли бино қулаб тушган. Вайроналар остида бир неча ўнлаб одамлар қолиб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, 10 киши ҳалок бўлган, 16 киши жароҳатланган, 101 киши бедарак йўқолган. Мамлакат Метеорология департаменти Мьянмадаги силкинишлардан сўнг 77 та афтерншок қайд этди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 5 миллион доллар маблағ ажратиб, Мьянма ва зилзиладан зарар кўрган бошқа ҳудудларга ёрдам кўрсатишини маълум қилган. БМТ вакилларининг таъкидлашича, бу табиий офат Мьянмада аллақачон оғир бўлган гуманитар вазиятни янада мураккаблаштирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур зилзила оқибатида Мьянмада камида 144 киши ҳалок бўлгани ва 732 киши жароҳатлангани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси
Германия Озарбайжондан кечирим сўради.
01 Апрель