Мьянмадаги даҳшатли зилзила қурбонлари сони 3 мингдан ошди

Олам

image

Мьянмада вайронкор зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 мингдан ошди. Мамлакатнинг ҳарбий ҳукумати фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этишда ёрдам кўрсатиш мақсадида вақтинчалик ўт очишни тўхтатишини эълон қилди. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.

Мьянма ҳарбий хунтасидан олинган маълумотларга кўра, бугун, 3 апрель ҳолатида зилзила қурбонлари сони 3085 кишига етган, яна 4715 киши жароҳат олган.

Мамлакатда 1 апрелдан бошлаб бир ҳафталик мотам эълон қилинган.

CNN хабарига кўра, Мянмада тўрт йилдан бери давом этаётган фуқаролар уруши шароитида ҳарбий ҳукумат вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш ҳақида эълон қилган. Ҳозир барча кучлар фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этишга қаратилган.

“Мамлакат бўйлаб зилзила қурбонларига ҳамдардлик белгиси сифатида, шунингдек самарали қутқарув операциясини таъминлаш ва тиклаш ишлари учун сулҳ 22 апрелгача давом этади”, деб хабар берган Мяьнма давлат телевидениеси.

“Euronews” маълумотларига кўра, асосий исёнчи гуруҳлар ҳам бир ойлик сулҳ эълон қилган. Улар 2021 йил 1 февралдаги ҳарбий тўнтариш оқибатида ағдарилган “Миллий бирлик ҳукумати” томонида туриб ҳаракат қилмоқда.

Бошқа томондан, БМТ зилзила жабрланган ҳудудларида ичимлик суви танқислиги ва юқумли касалликларнинг кўпайиши ҳақида огоҳлантирмоқда. Гуманитар ташкилотлар ҳар икки томонни сулҳга чақириб, ёрдам етказишни енгиллаштиришни сўрамоқда.

“Тўнтариш ва ундан кейинги можаро соғлиқни сақлаш инфратузилмасини вайрон қилди, оқибатда мамлакат кучли табиий офатларга қарши курашишга етарлича тайёр эмас эди. Энди эса йўллар ва кўприклар ҳам жиддий зарар кўрган”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 28 март куни Мьянмада кучли зилзила юз берганди. АҚШ геологик хизмати маълумотларига кўра, зилзиланинг магнитудаси 7,7 ни ташкил қилган. 7,7 магнитудали дастлабки зилзиладан сўнг, 6,4 магнитудали кучли такрорий силкиниш ҳам қайд этилган. Шундан кейин Мьянма фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди. Тез орада Таиланд пойтахти Бангкок ҳам фавқулодда зона деб эълон қилинди. Сейсмик хизматлар маълумотига кўра, Жануби-Шарқий Осиёда биринчи кучли зилзиладан сўнг 37 та такрорий силкиниш қайд этилган.

30 март куни Мьянма расмийлари 1644 киши ҳалок бўлгани, 3408 киши жароҳатлангани ҳақида маълум қилган эди. Кейинчалик қурбонлар сони 2719 кишига етди, яна 4512 киши жароҳат олди.  

Мьянма Бош вазири Мин Аунг Хлайн вайронкор зилзиладан сўнг мамлакатда миллий мотам эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Мьянма зизлила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг