Лукашенко Тўқаев ва Путинга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўради
Олам
−
05 Январь 2022
10287Бугун, 5 январь куни Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Беларусь Президенти маъмурияти маълум қилмоқда.
“Беларусь президенти дастлаб рус, кейин қозоғистонлик ҳамкасблари билан Қозоғистондаги вазият юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказди”, дейилади расмий хабарда.
Қайд этилишича, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ)га аъзо барча давлатлар раҳбарлари доимий алоқада бўлиб турибди.
Уч тарафлама мулоқот ҳақида Россия Президент маъмурияти миқ этмаган.
Лукашенкога эса намойишлар бегона эмас. Маълумки, 2020 йил 9 август куни Беларусда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Беларусь Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий маълумотларига кўра, Александр Лукашенко 80,08 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Унинг асосий рақобатчиси бўлган Светлана Тихановская 10,12 фоиз овоз тўплади. Мухолифат натижаларни сохталаштирилган деб эълон қилди ва Минск ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида оммавий норозилик намойишлари бошланди. Намойишлар бир неча ойгача давом этди.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь