Лукашенко Си Цзиньпин билан учрашди
Олам
−
01 Март 2023
5291Бугун, 1 март куни Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Хитойга қилган давлат ташрифи доирасида Си Цзиньпин билан учрашди. Бу ҳақда “БелТА” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Пекинда Лукашенкони тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтган. Давлат раҳбарлари кўришиб, протокол бўйича суратга тушгач, расмий делегациялар аъзолари бир-бирлари билан танишган. Маросимда мадҳиялар ижро этилган ва фахрий қоровул саф тортган. Тантанали йиғилиш якунлангач, раҳбарлар делегациялар аъзолари иштирокида расмий музокараларга ўтган.
Музокаралар давомида Беларусь тарафи Хитойга қўшма корхоналар яратиш ва ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф қилган.
“Биз Хитой билан технологик ривожланиш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришдан, жумладан, қўшма корхоналар яратишдан, замонавий Хитой технологияларини жорий этган ҳолда Беларусь корхоналарини модернизация қилишдан, товар ва хизматларни учинчи мамлакатлар бозорларига олиб чиқишдан ниҳоятда манфаатдормиз”, деган Лукашенко.
Шунингдек, у икки томонлама лойиҳалар салоҳияти жуда катта эканини таъкидлаб, Беларусь ишлаб чиқарувчилар Хитой компанияларининг бутловчи қисмлар базасини шакллантириш, двигателлар, трансмиссиялар, ўқлар ва бошқа агрегатлар ишлаб чиқариш бўйича компетенциялари ва технологияларини ўрганишдан манфаатдор эканини қайд этган. Лукашенко Беларусда ҳам, Хитойда ҳам қишлоқ хўжалиги техникалари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, машинасозлик ва электр транспорти соҳасида қўшма корхоналар ташкил этишни таклиф қилиб, ушбу ҳамкорлик маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини оширишга ёрдам беришини айтган.
Ўз навбатида, Си Цзиньпин ҳам икки давлат орасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати янги мазмун билан тўлдирилиши кераклигини айтган. Унинг таъкидлашича, Хитой халқаро вазиятдаги беқарорлик ва нотинчлик шароитида Беларусь билан ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлашга қарор қилган.
“Халқаро вазиятнинг беқарорлиги ва нотинчлиги шароитида Хитой икки томонлама муносабатларни динамик, соғлом ва барқарор ривожлантириш манфаатлари йўлида ўзаро сиёсий ишонч ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Беларусь билан биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаол давом эттириш тарафдори”, деган Си Цзиньпин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь