Лукашенко Ғарб билан алоқаларини истаса ҳам бузолмаслигини тан олди

Олам

image

Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Европа Иттифоқи давлатлари билан муносабатларни йўқотмаслик керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у Минск миллий аэропорти ҳудудида жойлашган ташкилотларнинг меҳнат жамоалари билан учрашуви чоғида айтиб ўтди.

"Ҳозир биз биринчи навбатда Шарқ ҳисобига яшаяпмиз – биз Россия, Хитой билан ҳамкорлик қиламиз. Лекин юқори технологияли Ғарбни унутмаслигимиз керак. Улар яқин, Европа Иттифоқи – бизнинг қўшнимиз, улар билан муносабатларни йўқотиб бўлмайди. Ҳозир шундай нотинчлик бор, сизнинг тилингизда айтганда, қийинчиликлар кўп. Ишончим комилки, 2024-2025 йилларда дунёда жиддий ўзгаришлар бўлади”, деган Лукашенко.

Айтилишича, ўтган ойда Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда ҳам Александр Лукашенко ҳукумат ва Ташқи ишлар вазирлигига ғарбий қўшнилар билан яхши қўшничилик ва тинчлик режасини таклиф қилишни топширган.

"Поляклар билан гаплашиш керак. Бош вазирга улар билан боғланишни топширдим. Агар хоҳласалар, гаплашайлик, муносабатларни яхшилаймиз. Биз қўшнимиз, лекин қўшни танланмайди, улар Худодан. Лекин уларда 15 октябрда парламент сайловлари бўлиб ўтади.  Улар мамлакатни қайта қуроллантирганини кўрсатиши учун ҳозир вазиятни кескинлаштириши керак. Шу боис, 15 октябргача қўшнимиз ўзи ва биз учун фойдали бўлган жиддий ўзгаришларни амалга ошириши даргумон. Улар биздан кўп нарсани талаб қилади ва сўрайди, лекин биз бунга рози бўла олмаймиз, чунки бу бизнинг манфаатларимизга зид”, дейди Беларусь фуқароси.

Унинг қўшимча қилишича, Польша ўз-ўзидан минтақадаги вазиятни оғирлаштираётгани йўқ, бунга АҚШ мажбур қилмоқда.

"Америкаликлар Польшага тикди. Лекин поляклар аҳмоқ халқ эмас. Улар бизнинг одамлар, славянлар. Улар ҳамма нарсани яхши тушунади. Сабр қилайлик, кўрамиз. Ҳамкорлик учун очиқмиз", деган Лукашенко.

Эслатиб ўтамиз, “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси Беларусга ўтгани, шунингдек, Россия мамлакатга тактик ядро қуролини жойлаштирганидан сўнг Минскнинг қўшнилари  у билан чегарани мустаҳкамлай бошлаганди. Хусусан, Латвия бугун, 11 августдан Беларусь билан чегарада кучайтирилган хавфсизлик режимини жорий қилди. Литва Президенти Гитанас Науседа эса мамлакатнинг Беларусь билан чегарасини бутунлай ёпишни истисно қилмаслигини айтди. Польша эса мунтазам армиясини деярли икки баравар оширишини, Беларусь билан чегарага қўшимча 10 минг нафар аскар жойлаштиришини маълум қилди. Бундан ташқари, Польша Мудофаа вазири Мариуш Блашак Россия ва Беларусь билан чегарада сапёрлар батальони ташкил этилишини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Европа Иттифоқи Польша Беларусь Александр Лукашенко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг