Латвия ҳам Беларусь билан чегарасини мустаҳкамлаяпти

Олам

image

Латвия 11 августдан Беларусь билан чегарада кучайтирилган хавфсизлик режимини жорий қилади. Бу ҳақда Латвия ҳукумати сайтида маълум қилинди.

“8 август куни Вазирлар Маҳкамаси чегара хизматининг 2023 йил 11 августдан 2024 йил 10 февралига қадар Лудза, Краслава, Аугшдаугава округлари ва Даугавпилс маъмурий ҳудудларида олти ой муддатга кучайтирилган иш фаолияти жорий этилди”, дейилади расмий хабарда.

Айтиш жоизки, юқорида санаб ўтилган ҳудудлар Беларусь билан чегарадош ҳисобланади.

Билдирилишича, мазкур буйруқ давлат чегараси дахлсизлигини таъминлаш ва давлатга нисбатан эҳтимолий таҳдиднинг олдини олиш мақсадида, шунингдек, Латвия-Беларусь чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари, бундай кесиб ўтишга уринишлар ва уларнинг кўпайиши тенденциясини ҳисобга олган ҳолда чиқарилган.

"Бутун минтақа давлатларининг Беларусь билан чегараларини тенг даражада ҳимоя қилиши, уни ноқонуний кесиб ўтишга қарши ягона ва мувофиқлаштирилган халқаро ҳаракатни таъминлаши жуда муҳимдир", дея қўшимча қилинган ҳукумат хабарида.

Маълумот учун, Беларусь бешта давлат – Польша, Литва, Латвия, Россия Федерацияси ва Украина билан чегарадош. “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси Беларусга ўтгани, шунингдек, Россия мамлакатга тактик ядро қуролини жойлаштирганидан сўнг унинг қўшнилари чегарани мустаҳкамлай бошлаган. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Литва Президенти Гитанас Науседа мамлакатнинг Беларусь билан чегарасини бутунлай ёпилишни истисно қилмаслигини айтган эди. Польша эса мунтазам армиясини деярли икки баравар оширишини, Беларусь билан чегарага қўшимча минг нафар аскар жойлаштиришини маълум қилди. Бундан ташқари, Польша Мудофаа вазири Мариуш Блашак Россия ва Беларусь билан чегарада сапёрлар батальони ташкил этилишини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

чегара Беларусь Латвия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг