Лукашенко айтган янги Конституция лойиҳаси тайёр бўлди
Олам
−
04 Ноябрь 2021
4075Беларусь Конституциясининг янги таҳрири Республика Президенти Александр Лукашенкога тақдим этилди. Бу ҳақда “БелТА” ахборот агентлиги хабар берди.
“Мен Конституциянинг сўнгги таҳририни олдим. Бугун мамлакатимиз учун ўткир ва муҳим мавзулар ҳақида гаплашишга ҳаракат қиламиз”, дея Президентнинг сўзларини келтирган агентлик.
Лукашенконинг таъкидлашича, Конституциявий комиссия “маълум ҳажмдаги ишларни амалга оширди, ўз вариантларини таклиф қилди ва ҳозирда бир гуруҳ мутахассислар ушбу Конституцияни сайқаллаш устида ишламоқда”.
Президентнинг сўзларига кўра, Конституцияга ўзгартиришлар тайёрлаш билан боғлиқ фундаментал масалаларни ишлаб чиқиш зарур. Улардан асосийлари — Бутунбеларусь Халқ Ассамблеясининг ролини мустаҳкамлаш, давлат ҳокимияти органлари ўртасида ваколатларни қайта тақсимлаш, давлат аппарати мувозанатини сақлаш ва бошқалар.
“Ўйлашимча, ишчи гуруҳнинг яна бир йиғилиши керак бўлади, сўнг ваъда қилганимиздек, вариантни Конституциявий комиссияга тақдим этамиз”, деган давлат раҳбари.
Келгусида асосий қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилади, Конституциянинг якуний таҳрири 2022 йил февраль ойининг охирига режалаштирилган Республика референдумига киритилади.
Маълумот ўрнида, Беларусда 2020 йил 9 августда бўлиб ўтган президентлик сайловидан кейин бошланган норозилик намойишлари фонида Лукашенко Конституцияга ўзгартириш киритиш зарурати ва Президент ваколатларининг бир қисмини ҳокимиятнинг бошқа тармоқлари фойдасига қайта тақсимлашга тайёрлигини маълум қилганди. Конституциявий суд раиси ва Конституциявий комиссия раҳбари Петр Миклашевичнинг сўзларига кўра, асосий қонуннинг 53-моддасига ўзгартиришлар киритиш ва 14 та янги моддани қўшиш таклиф қилинмоқда.
LiveБарчаси