Лос-Анжелесдаги ёнғинни ўчираётган самолёт қулаб тушди (видео)

Олам

image

Жорий йилнинг 9 январь куни маҳаллий дрон Лос-Анжелес ҳудудида ўрмон ёнғинлари билан курашаётган CL-415 Сuper Scooper самолёти билан тўқнашиб кетди. Бу ҳақда Лос-Анжелес округи Ўт ўчириш бошқармаси Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Ҳодиса оқибатида самолётнинг қаноти шикастланган, бу эса уни таъмирлашни кутмасдан, тўлиқ ишдан чиқарган. Самолёт ерга қулаган ва ёниб кетган. 

CL-415 Super Scooper самолёти денгиздан 1600 галлонгача сув олиб, оловга ташлашга қодир. Калифорния Ёнғин хавфсизлиги департаменти матбуот котиби Крис Томас “Тhe New York Times” газетасига берган маълумотларига кўра, воқеа минтақада ёнғин ўчириш ишларини секинлаштиради.

Федерал авиация маъмуриятига кўра, ҳозирда ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Лос-Анжелес ҳудудида содир бўлган ёнғинлар сабабли парвозларга вақтинчалик чекловлар жорий этилди. Улар ёнғинга қарши операциялар хавфсизлигини таъминлаш учун Федерал авиация рухсатисиз дрон ва бошқа самолётлардан фойдаланишни тақиқлайди.

Лос-Анжелес округи Ёнғин хавфсизлиги бошлиғи Энтони Марроннинг айтишича, дрон Палисадес ҳудудида расмий ёнғинни ўчиришда иштирок этмаган ва тўқнашув оқибатида бутунлай ёниб кетган. Маррон, шунингдек, “Los Angeles Times” газетасига ФҚБ кейинги дрон ҳодисаларининг олдини олиш учун ҳудудда “ҳаво зирҳлари” тизимини жорий қилишни режалаштираётганини айтди.

Тақиқларга қарамай, бир нечта ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари авиация чекловларини бузган ва вайронагарчилик акс этган дрон фотосуратлари ва видеоларини тармоқларга жойлаштирган. Қайд этилишича, бундай ҳаракатлар авиация учун қўшимча хавф туғдиради. 

Федерал авиация департаменти, шунингдек, қоидабузарлар ёнғинни ўчириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ёки фавқулодда вазиятлар вакилларининг авиация операцияларига аралашгани учун 75 минг долларгача фуқаролик жаримасига тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. 

“Биз ушбу қоидабузарликларга жиддий ёндашамиз ва уларнинг олдини олиш учун зудлик билан чоралар кўришга тайёрмиз”, дея таъкидлади департамент.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кундан бери давом этаётган ўрмон ёнғинларидан сўнг Лос-Анжелеснинг катта қисми ёниб кулга айланди. Сўнгги маълумотларга кўра, 10 мингдан зиёд бино вайрон бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Лос-Анжелес

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг