Лондонда Чарльз III нинг тож кийиш маросими бошланди
Олам
−
06 Май 2023
6830Бугун, 6 май куни Лондондаги Вестминстер аббатлигида Чарльз III ва қиролича Консорти Камилланинг тож кийиш маросими доирасидаги тадбирлар бошланди. Маросим Букингем саройи ва маҳаллий ОАВ томонидан жонли эфирга узатилмоқда.
Маҳаллий вақт билан соат 06:00 да қироллик кортежининг Букингем саройидан Вестминстер аббатлигигача бўлган йўналиши бўйлаб кузатув майдончалари очилди. Йўлнинг узунлиги 2,29 километрни ташкил этди. Аббатликкача бўлган кортежга 200 нафар аскар, асосан сарой отлиқлари ҳамроҳлик қилди. Умуман олганда, тож кийиш куни хавфсизликни таъминлашга тўрт мингга яқин ҳарбий хизматчилар жалб этилган.
Қироллик кортежи Букингем саройидан Вестминстер аббатлигига етиб келди ва шундан сўнг бир неча босқичдан иборат бўлган икки соатлик тож кийиш маросими бошланди.
Биринчи босқичда Чарльз III ўз фуқаролари билан таништирилди: у дунёнинг тўрт бурчагига мурожаат қилди, шундан сўнг у "шубҳасиз қирол" деб эълон қилинди ва ҳозир бўлганлар унга содиқ хизмат қилиш учун қасамёд қилди. Кейин Чарльз III ҳам қироллик қасамёдини қабул қилди.
Шундан сўнг қирол 1300 йилда ясалган Авлиё Эдвард курсисига ўтирди ва архиепископ монархнинг пешонасига муқаддас мой сурди, кўкраги ва қўлларига хоч чизди.
Маросимнинг кейинги, энг тантанали босқичида Чарльз III га тож кийдирилди: у ҳаётида илк марта Авлиё Эдуард тожини кийди. Шундан сўнг унга қироллик либослари тақдим этилди. Кейин архиепископ унинг бошига тож кийдирди, аббатлик қўнғироқлари жиринглади, карнайлар чалинди.
Маросимнинг якуний босқичи тахтга кўтарилиш бўлади. Чарльз III 1066 йилдан бери Вестминстер аббатлигида тахтга ўтирадиган 40-чи ҳукмрон монарх бўлди.
Шундан сўнг, Камилла учун оддийроқ тож кийиш маросими бўлиб ўтди, малика қасамёд қилмади.
Вестминстер аббатлигидаги тож кийиш маросимига 2,3 мингга яқин киши таклиф этилган, улар орасида қироллик оиласи аъзолари, 203 давлат вакиллари, шунингдек, жамоат ва хайрия арбоблари бор. Маросимда 100 га яқин давлат раҳбарлари иштирок этмоқда.