Ливанда Исроилнинг зўравонлигига қарши “ғазаб куни” ўтказилмоқда

Олам 4565
image
-

Бугун, 18 май куни Ливандаги фаластинлик қочқинлар лагерларда умумий иш ташлашни ўтказмоқда

Фаластинликларнинг ФАТҲ ҳаракати вакили Солиҳ Солиҳнинг таъкидлашича, Ливаннинг пойтахти Байрут ғарбида жойлашган Шатила лагеридаги ушбу иш ташлаш Ғазо сектори, Шарқий Қуддус ва Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи аҳолиси билан бирдамлик белгиси сифатида ўтказилмоқда.

“Бу ҳаракатга дунёнинг барча бурчакларидаги фаластинликлар қўшилиши керак. Биз халқимизнинг қатағон ва Ғазодаги турар-жой биноларининг бомбардимон қилинишига жавобан “ғазаб куни”ни ўтказмоқдамиз”, дейди Солиҳ.

Унинг сўзларига кўра, намойишчилар Байрут шаҳрининг ғарбий қисмидаги Мар-Илёс лагеридан ҳукумат саройи олдида жойлашган Риад Солҳа майдонига қадар юради.

“Тараққийпарвар жамоатчилик Фаластин халқининг миллий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ўз фикрларини билдиради ва Исроил истилосининг тугатилишини талаб қилади”, дейди ФАТҲ вакили.

Ўз навбатида Ғазо секторини назорат қилувчи фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати раҳбарияти аъзоси Али Барокат “Naharnet” порталига маълум қилишича, фаластинликлар Ливан жанубидан Исроил ҳудудини ўққа тутишни рағбатлантирмаяпти. 

“Биз Ливан-Исроил чегараси яқинидаги бирдамлик ҳаракатларини мамнуният билан қабул қиламиз, аммо биз Ливан тупроғидан ракеталарни учиришларига муҳтож эмасмиз”, дейди у. 

Барокатнинг сўзларига кўра, ҲАМАС бўлинмалари “бутун Исроил бўйлаб нишонларни мустақил равишда ракеталар билан ўққа тутишга қодир”.

БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда 5 миллиондан ортиқ фаластинлик қочқин сифатида қайд этилган. Уларнинг 1,5 миллиондан ортиғи Ливан, Иордания, Сурия ва Ғазо секторида жойлашган 68 дан ортиқ лагерларда яшайди.

Исроил-Фаластин можаросининг кескинлашиши

Жорий йилнинг 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинлик араблар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилингани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарди. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади. 

Шундан сўнг, Ғазони назорат қилувчи фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирди: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.

Шарт бажарилмагач, 10 май куни ушбу ҳаракат Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. Вақт ўтиши ва икки ўртадаги зиддият ортиб бориши билан бу сценарий кўп марта такрорланди. ҲАМАС ракета учираверди, Исроил унинг катта қисмини зарарсизлантириб, қарши ҳужум билан жавоб қайтараверди.

Исроил судининг биргина қарори ва масжидга қилинган ҳужум шундай шиддатли ҳарбий ҳаракатларни келтириб чиқарди. Оқибатда эса Ғазо секторида яшовчи 126 араб ҳалок бўлди, 1000 га яқин жароҳат олди.

Халқаро муносабат

Таъкидлаш жоизки, халқаро муносабатларнинг баъзи иштирокчилари ушбу масалада фақат тил учида муносабат билдирган бўлса, бошқалари Исроилни ҳатто террорда айблади. 

Айниқса, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу масалада фаол: бир қатор исломий давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг хатти-ҳаракатларини муҳокама қилди, Арманистонга қарши урушда Туркия Озарбайжонни қандай қўллаган бўлса, Исроилга қарши курашда Фаластинни ҳам шундай қўллашини маълум қилди

Эрдўған Фаластин давлатининг инқрозига бугун тўхталаётгани йўқ. У аввалдан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу мавзуга қаратиб келган. Жумладан, 2019 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлисида Эрдўған нутқ сўзлаб, Исроилнинг Фаластинни бутунлай эгаллаб олаётгани, БМТ эса бунга томошабин бўлиб турганини қоралади. Ўшанда Эрдўған минбарга Исроил ва Фаластин тупроқлари акс этган харита билан чиққан. Ундаги тўрт суратда 1948 йил – Исроил давлати ташкил топгандан буён Фаластин ерларини қанчалик эгаллаб бораётгани тасвирланган эди.
 
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.

Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.

Кейинчалик, Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Исроилнинг Шарқий Қуддус ва Ғазодаги сўнгги ҳужумларига муносабат билдириб, Миср ва Иорданиянинг ҳаракатсизлигини танқид қилди. У Исроил ҳукуматини “қонхўр сионист” деб атади. Шунингдек, Эрон ҲАМАС ташкилотини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Исроилнинг “тутинган акаси” АҚШ эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди. Хитой эса бу вазиятда Фаластиннинг ёнидан жой олишини эълон қилди.

Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон Ал-Ақсо масжиди атрофидаги вазиятни ҳурмат қилишга, Ўзбекистон эса ушбу масжид дахлсизлигини таъминлашга чақирди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 30
Рейтинг: 3.1
t
×