Олов ичидаги Фаластин. Гитлер қирган яҳудийлар ва ўз уйига сиғмаган мусулмонлар можароси
Таҳлил
−
15 Май 2021
72605Сўнгги кунларда ўзбек интернет сегментида Яқин Шарқдаги кескинлик кун тартибига чиқди. Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддият, ракеталар ҳужуми, шунингдек, расмий Тел-Авивнинг зўравонликлари ҳақида хабар ҳамда видеолавҳалар ОАВда кўплаб тарқалмоқда.
Фаластин заминидан келаётган янгиликлар кўп, унинг ортидан пайдо бўлаётган саволлар эса ундан ҳам ортиқ. Можаро ўзи нимадан бошланган-у, зиддиятга киришган томонлар нимани талашмоқда? Ким кимга қарши ва ким қайси томонни қўллаб турибди? Қуйида Фаластин ерларини бўлиша олмаётган яҳудийлар ва араблар ўртасидаги келишмовчиликнинг бошланиш нуқтасидан тортиб то ривожланиш тарихи ва жорий ҳолатигача батафсил маълумот берамиз.
Мана 70 йилдан ортиқ вақт мобайнида яҳудийлар ва араблар бир неча бор очиқдан-очиқ урушга кириб Фаластин ерлари учун курашиб келади. Мавзуни давом эттиришдан олдин, Фаластин ерлари деганда қайси ҳудудлар тушунилишини билиб олайлик. Фаластин – Яқин Шарқда жойлашган тарихий ҳудуд бўлиб, у ҳозирги Иордан, Исроил давлатлари, Ғазо сектори, Иордан дарёсининг ғарбий соҳиллари, Жўлон тепаликларининг бир қисмини қамраб олади.
Ушбу ерларда дастлаб кимлар яшаган, арабларми ёки яҳудийлар?
Яҳудийларнинг муқаддас китоби бўлмиш Тавротга кўра, улар бу ерларга милоддан аввалги 2-минг йилликда келган. Кейинчалик ушбу ерларда Исроил подшолигига асос солинди. Орадан вақт ўтиб, бу подшолик бўлиниб кетди. Рим империясининг зарбаларидан сўнг, Исроил подшолиги бутунлай қулади. Фаластин ерлари эса Римдан кейин ҳам бир неча давлат ва империяларнинг мустамлакаси бўлиб келди. Бу вақт мобайнида яҳудийларнинг катта қисми Европа бўйлаб ёйила бошлади. Лекин улар ҳар вақт Фаластин ерларини ўзининг она ватани, Худо томонидан уларга ҳадя қилинган замин деб ҳисоблаган. Шундай бўлса-да, бир пайтлар яҳудийларнинг Фаластин ерларида яшагани, бугун уларга ушбу ҳудудга тўлақонли эгалик қилиш ҳуқуқини бермайди. Негаки инсоният тараққиёти давомида турли ҳудудлар турли давлатлар томонидан эгалланиб, қўлдан қўлга ўтиб келган.
Хўш, бу ерларга араблар қачон келди?
Асрлар мобайнида Фаластин ерлари Рим империяси сўнгра, Византия ҳамда Форслар қўлига ўтди. VII асрга келиб Араб халифалиги бу ҳудудларни босиб олганидан сўнг, араблар Фаластин ерларига кўчиб келди. Тарих гувоҳлик берадики, Фаластин ерларида яҳудийлар араблардан олдин яшаб кетган.
Ёқимсиз меҳмон
Европада яҳудийларни тарихан хуш кўришмаган. Бунда диний факторлар асосий ролни ўйнади. Европада ҳукмрон бўлган Христианлик динининг муқаддас китоби бўлмиш Инжилга кўра, ушбу дин марказида турувчи Исо пайғамбарнинг ўлимига яҳудий халқи жавобгар. Европа бўйлаб сочилиб кетган яҳудийлар Рим империяси давридан тортиб Салиб юришлари вақтида ҳам таъқиб қилинди.
Фашистлар Германияси эса яҳудийлар қирғинини уюштирди. Гитлер Германияси 6 миллон яҳудийни турли хил ўлим лагерларида йўқ қилди. Бу Европада яшовчи барча яҳудийларнинг 2/3 қисмини ташкил қиларди. Қирғиндан олдин Германия бўйлаб мамлакатнинг Биринчи жаҳон урушида мағлубиятга учрашида яҳудийларни сабаб қилиб кўрсатувчи “пичоқ билан орқадан зарба” номли афсона тарқалди. Унга кўра, яҳудийлар Биринчи жаҳон уруши йилларида мамлакатдаги ички сиёсий муҳитни бузганликда айбланади. Шу-шу ҳар вақт таъқибда бўлган яҳудийлар ўзлари учун давлат бунёд этишни режа қилган.
Бутун дунё яҳудийларини бирлаштириш
Бутун дунё бўйлаб сочилиб кетган яҳудийларни бирлаштириш ва умуман яҳудийлар учун алоҳида давлатга асос солиш ғояси Теодор Герцль номи билан боғлиқ. У бутун дунё бўйлаб яҳудийларга зулм қилинаётганини кўриб, “Яҳудийлар давлати” номли брошюра ёзди. Герцль ушбу брошюра орқали барча яҳудийларга Фаластинда давлат қуриш чақириғи билан чиқди. Бир йилдан сўнг, у Жаҳон сионистик ташкилотини тузади. Ушбу ташкилот сионизм – яҳудийларни тарихий ватанига (улар Фаластин деб ҳисоблайди) қайтариш ва у ерда давлатга асос солиш ғоясини илгари сурди ва ушбу ғояни ҳаётга татбиқ этишда катта роль ўйнади. Сионизмнинг илдизи эса Қуддусдаги Сион тепалиги номидан олинган.
Шундан сўнг дунёнинг турли давлатларида яшовчи бой яҳудийлар миллатдошларининг Фаластин ерларига кўчишида ёрдам бера бошлади. Бундай бойлар орасида Ротшильдлар оиласи ҳамда британиялик яҳудий Мозес Монтефиоре ҳам бор эди.
Фаластинни сотиб олиш
XIX асрда Фаластин ерларида 300 мингдан ошиқроқ одам яшарди. Шунинг 6 мингга яқини яҳудийлар, асосий қисми, аниқроғи 280 миндан ошиғи Исломнинг суннийлак мазҳабига эътиқод қилувчи араблар бўлган. Бу даврда Фаластин ерлари Усмонийлар империяси таркибида эди. Уларга бой араб феодаллари эгалик қиларди.
Юқорида қайд этилган Жаҳон сионистик ташкилотининг таркибида 1909 йилда яҳудийларнинг тарихий ерларини эгаллаш компанияси тузилди. Ушбу компания бой араб феодалларидан Фаластин ерларини деҳқончилик учун сотиб ола бошлаган. Ерлар сотиб олинганидан сўнг, у ерда яшаб, меҳнат қилувчи маҳаллий аҳолини ҳайдаш авж олди. Айтиш мумкинки, исроил-араб можаросининг илк илдизи мана шу нуқтага бориб тақалади.
Исроил давлатининг тузулиши
Яҳудийлар Фаластин ерларига кўчиб келишни бошлаганидан сўнг, орадан икки Жаҳон уруши ўтди. Эндиликда ушбу ерларга Усмонийлар империяси эмас, Буюк Британия эгалик қиларди. Бу даврда Фластинда яшовчи яҳудийларнинг сони 600 мингдан, арабларники эса 1 миллондан ошарди. Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг, Яҳудий агентлиги Фаластин ерларида яшовчи яҳудийларнинг вакили сифатида Британиядан ушбу миллат учун давлат тузулишини талаб қила бошлади. Бу ерда арабларнинг ҳам борлигига кўз юма олмаган Британия ушбу масалани ҳал қилишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га топширди.
БМТ эса яҳудийлар ва араблар учун ягона давлат тузиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, деган қарорга келди. Ечим сифатида эса Фаластин ерларини алоҳида икки давлатга бўлишга қарор қилинди. Шунда яҳудийларга 14,1 минг квадрат километр, арабларга эса 11,1 минг квадрат километр берилди. Уч диннинг муқаддас шаҳри – Қуддус халқаро ҳудуд, деб эълон қилинди. Яҳудийлар орасида бу қарорга қарши чиққанлар топилган бўлса-да, якунда улар БМТнинг қарорини қабул қилди. Араблар эса, аксинча, бу ҳақида эшитишни ҳам истамас эди.
“Агар яҳудийлар Фаластиннинг ҳатто, бир қисмига эга бўлса, бу ерлар олов ва қонга ботади”, деб реакция қилган эди Араб Олий қўмитаси раиси ўша кезларда.
Араблар БМТнинг ушбу қарорига қарши бўлса-да, АҚШ ва СССРнинг кўмагида 1948 йилда Исроил давлатига асос солинди. Бунда дастлаб, яҳудийларнинг ўзи ҳам Совет Иттифоқининг ҳаракатларини тушунмай қолган эди. Чунки яҳудийлар вақтида СССР ҳудудида ҳам таъқибларга учраб, у ерлардан қочишга мажбур бўлган эди. Бироқ, СССРнинг Исроил учун Яқин Шарқ минтақасида ўз режалари бор эди, аниқроғи ушбу давлатни ҳам социалистик тузумга ўтказиш орқали бутун минтақада бошқа гегемонларнинг ролини сусайтириш кўзланган эди.
Араб-Исроил уруши
Юқорида қайд этилганидек, Фаластин ерлари Буюк Британиянинг назоратида эди. Бироқ ушбу ерлар БМТнинг мандатига ўтганидан сўнг, Британия Фаластиндан ўз қўшинларини олиб чиқа бошлади. Бу эса ўз навбатида араб ва яҳудийларнинг ҳарбийлаштирилган тузилмалари томонидан Фаластин ерларининг муҳим нуқталарини эгаллаш учун кураш бошланишига олиб келди.
Араб давлатлар лигаси аторифида бирлашган мамлакатлар БМТнинг 1947 йилда Исроил давлатини тузиш тўғрисдаги қароридан норози бўлиб, унинг ҳудудига ҳужум қилди ва бу 1949 йилга қадар давом этди. Бу уруш Исроил ва араб давлатлари ўртасидаги биринчи тўқнашув бўлди. Гарчи Исроил 8 та араб давлатига қарши ёлғиз урушган бўлса-да, ғалаба қозонди ва бу Исроил тарихида “Мустақиллик учун кураш” номи билан қолди. Араблар эса буни фалокат сифатида баҳолади.
Қайд этиш керакки, уруш бошланиши арафасида Исроилнинг 45 минг атрофида аскари бўлган, араб давлатлари эса 50 минглик қўшин билан ҳужумга ўтган. Бироқ, тўқнашувлар авжига чиққан паллада Исроил қўшини камайишнинг ўрнига кўпайиб 100 мингдан ошди. Уруш йилларида чет элдан кўплаб кўнгиллилар Исроил ҳарбийларининг сафини тўлдириши бунга сабаб бўлди.
Уруш якунига кўра, БМТ мандати бўйича Фаластиндаги араблар учун ажратилган ерларнинг 1300 км² ва 112 та аҳоли яшаш пункти ҳамда Шарқий Қуддус Исроилга ўтиб кетди.
Ўтган асрнинг 40-йиллар охирида юз берган ушбу тўқнашувдан кейин ҳам араблар ва яҳудийлар ўртасида бир неча марта йирик жанглар бўлиб ўтди. Жумладан, 1967 йилдаги “Олти кунлик уруш”, 1973 йилда бўлиб ўтган “Йом-Киппур уруши” икки ўртадаги зиддият энг чўққисига чиққан вазиятлар ҳисобланади. Энг қизиғи иккала тўқнашувда ҳам Исроил ғалаба қозонган.
“Олти кунлик уруш”да бешта араб давлатига қарши чиққан Исроил минг нафар ҳам аскар йўқотмади. Араб давлатларининг эса 10 мингдан ошиқ ҳарбийлари 6 кунлик жангда ҳалок бўлди. Ушбу тўқнашув натижаларига кўра, Исроил Синай яримороли ва Иордан дарёсининг ғарбий соҳилини ўзига қўшиб олди.
Араблар коалицияси ва Исроил ўртасидаги кейинги йирик ҳарбий тўқнашув 1973 йилда юз берди ва тарихда “Йом-Киппур уруши” номи билан қолди. Урушнинг бундан ном олишига араблар томонидан Яҳудийлик динида кенг нишонланадиган Йом-Киппур куни ҳужумга ўтилгани сабаб бўлди. 73-йилда тўқнашувнинг бошланишига эса Миср ва Суриянинг “Олти кунлик уруш”да йўқотилган ҳудудларни Исроилдан қайтиб олишга бўлган кучли хоҳишлари сабаб бўлди. Бироқ, бу сафар ҳам олдинги тўқнашувлардаги каби араб давлатлари Исроилга бас кела олмади.
Исроил ғалабаларининг омили нимади эди?
Араб давлатларининг қаторисига мағлубиятга учрашида етарлича сабаблар бор эди. Жумладан, ҳарбий ҳаракатлар вақтида араб давлатлари Исроил кучларига нисбатан тарқоқ ҳаракат қилган. Бундан ташқари арабларни ягона мақсад эмас, ўз манфаатлари бирлаштирган эди. Улар Исроил назоратига ўтган ерларни Фаластинга олиб беришни эмас, аксинча, ўша ҳудудларни ўзиники қилиб олишни ўйларди.
Шу ўринда, дастлаб Буюк Британия томонидан кейинчалик эса АҚШнинг Исроилга кўрсатган ҳарбий ва молиявий ёрдамларини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Буюк Британия Исроилга замонавий армияни шакиллантиришда ёрдам берган бўлса, АҚШ унинг ҳар тарафлама таъминоти билан шуғулланди. Жумладан, юқорида қайд этилган “Йом-Киппур уруши” бошланмасидан бир оз аввал АҚШ Исроилга 634 миллион доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатган, кейинроқ ушбу уруш авжига чиққанда 982 миллон АҚШ доллари миқдорида ҳарбий грант ҳамда 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида ҳарбий соҳа учун қарз берган.
Араб давлатлари учун уруш тугади
Кўпгина сиёсий экспертларнинг фикрига кўра, араб давлатлари учун Исроил билан можаро 1973 йилда якунланган. Айтиш мумкинки, бугунги кундаги инқирозни Араб-Исроил ўртасидаги эмас, кўпроқ Исроил-Фаластин ўртасидаги можаро дейиш тўғри бўлади.
“Бугун ушбу можаро на Иордания, на Миср, на Ливан ва на Саудия Арабистонига керак. Арабларнинг ҳеч бири Исроил билан жанг қилмайди, чунки араб давлатлари учун Исроил билан урушлар 1973 йилда тугаган”, дейди Яқин Шарқ минтақаси бўйича мутахассис, сиёсатшунос Алексей Малашенко.
Қайд этиш керакки, кўпгина араб давлатлари анча йиллар аввал ўзига душман деб ҳисоблаган Исроил билан бугун дипломатик алоқаларга эга. Хусусан, 1994 йилда Иордания Исроил билан дипломатик алоқа ўрнатиб, ундан ичимлик суви, табиий газ ва хавфсизлик бўйича кафолат олди. Бундан ташқари, 1979 йилда Миср, 1999 йилда Мавритания, 2019 йилда Чад ва 2020 йилда Марокаш, БАА ва Баҳрайн Исроил билан дипломатик алоқа ўрнатди.
2021 йилги инқироз
Жорий йилнинг 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинлик араблар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилингани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарди. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.
Шундан сўнг, Ғазони назорат қилувчи фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирди: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.
Шарт бажарилмагач, 10 май куни ушбу ҳаракат Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. Вақт ўтиши ва икки ўртадаги зиддият ортиб бориши билан бу сценарий кўп марта такрорланди. ҲАМАС ракета учираверди, Исроил унинг катта қисмини зарарсизлантириб, қарши ҳужум билан жавоб қайтараверди.
Исроил судининг биргина қарори ва масжидга қилинган ҳужум шундай шиддатли ҳарбий ҳаракатларни келтириб чиқарди. Оқибатда эса Ғазо секторида яшовчи 126 араб ҳалок бўлди, 1000 га яқини жароҳат олди. Исроил томонидан ҳам 7 киши ҳалок бўлди.
Халқаро ҳамжамиятнинг 2021 йилги инқирозга реакцияси
Таъкидлаш жоизки, халқаро муносабатларнинг баъзи иштирокчилари ушбу масалада фақат тил учида муносабат билдирган бўлса, бошқалари Исроилни ҳатто террорда айблади.
Айниқса, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу масалада фаол: бир қатор давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг хатти-ҳаракатларини муҳокама қилди, жумладан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам. Эрдўған Арманистонга қарши урушда Туркия Озарбайжонни қандай қўллаган бўлса, Исроилга қарши курашда Фаластинни ҳам шундай қўллашини маълум қилди.
Эрдўған Исроилнинг Фаластинга қарши зўравонлигига бугун тўхталаётгани йўқ. У аввалдан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу мавзуга қаратиб келган. Жумладан, 2019 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлисида Эрдўған нутқ сўзлаб, Исроилнинг Фаластинни бутунлай эгаллаб олаётгани, БМТ эса бунга томошабин бўлиб турганини қоралади. Ўшанда Эрдўған минбарга Исроил ва Фаластин тупроқлари акс этган харита билан чиққан. Ундаги тўрт суратда 1948 йил – Исроил давлати ташкил топгандан буён Фаластин ерларини қанчалик эгаллаб бораётгани тасвирланган эди.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини талаб қилди.
Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.
Кейинчалик, Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Исроилнинг Шарқий Қуддус ва Ғазодаги сўнгги ҳужумларига муносабат билдириб, Миср ва Иорданиянинг ҳаракатсизлигини танқид қилди. У Исроил ҳукуматини “қонхўр сионист” деб атади.
Исроилнинг “тутинган акаси” АҚШ эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди. Улар Исроил судининг қарорини тан олмади.
Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон Ал-Ақсо масжиди атрофидаги вазиятни ҳурмат қилишга, Ўзбекистон эса ушбу масжид дахлсизлигини таъминлашга чақирди.
Хулоса тариқасида Британиянинг собиқ Бош вазири Чемберленнинг сўзларини келтириш ўринли бўларди:
“Урушда ғолиблар бўлмайди, фақат мағлублар”.
Бошланганига 10 кун ҳам бўлмаган ушбу тўқнашувлар оқибатида қанчадан-қанча оилалар бошпанасиз қолди, тинчи бузилди. Энг ачинарлиси улар ўз яқинларидан айрилди: болалар етим қолди, ота-оналар фарзанд доғида куйди.
LiveБарчаси