Литвада марказий осиёлик мигрантлар сони 14 бараварга ошди
Олам
−
16 Октябрь
5027Литва разведкаси мамлакатда марказий осиёлик мигрантлар сони 2021 йилдан бери 14 бараварга ошганини маълум қилди. Шундан сўнг, мамлакат Бош вазири Ингрида Шимоните уларнинг умумий сони ҳали ҳам жуда оз эканини ва бу рақамларни жамоатчиликни қўрқитиш учун фойдаланилмаслик зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда LRT хабар берди.
“Маълумки, меҳнат бозоридаги эҳтиёжлар илгари Украина ва Беларусдан келган мигрантлар ҳисобига қондирилган бўлса, уруш бошлангач, ишчи кучи тузилмасида катта ўзгаришлар юз берди. Бу ўзгариш Марказий Осиё аҳолисининг ҳисобига ҳам амалга ошди. Ушбу одамларнинг сони, албатта, жуда кичик рақамларда кўпайди”, деди Ингрида Шимоните.
Қайд этилишича, Литва Давлат хавфсизлиги департаменти раҳбари Дариус Яунишкис аввалроқ унинг агентлиги барча мигрантларни текшириш имкониятига эга эмаслигини ва бу разведка ҳамда терроризм хавфларини юзага келтираётганини билдирган.
Шимоните Яунишкиснинг баёнотини ҳукумат келгуси йил учун бюджетни ишлаб чиқаётган бир пайтда департаментга молиявий ёрдамни ошириш чақириғи сифатида кўриш мумкинлигини таъкидлаган.
Литва Миграция департаменти маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига Литвада 10 600 нафар атрофида ўзбекистонлик истиқомат қилмоқда. Йил бошида бу рақам 8200, 2022 йил бошида эса бор-йўғи 998 нафар бўлган.
“Ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари Литвадаги тўртинчи энг катта диаспорани ташкил этмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, маълумотларга кўра, 2024 йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатга Тожикистондан келган мигрантлар сони 5700 дан 7200 кишига ошган. Қирғизистон фуқаролари сони эса 2000 кишидан 6600 кишига кўтарилган. Украиналиклар Литвадаги энг катта диаспора бўлиб қолмоқда – уларнинг сони 77 500 кишини ташкил этади. Мамлакатдаги беларусликлар сони 61 300, Россия фуқаролари эса 15 300 нафар.
Билдирилишича, айни пайтда Литвада 222 000 нафар чет эллик истиқомат қилмоқда (2,3 миллион аҳолининг 7,8 фоизи).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йилда 7,5 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Литвада (Европа Иттифоқи давлати) яшашга рухсат олгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси