Литва Беларусь билан чегарадаги иккита пунктни ёпади
Олам
−
16 Август 2023
3252Литва ҳукумати жорий йилнинг 18 августидан бошлаб Беларусь билан чегарадаги иккита назорат-ўтказиш пунктини ёпади. Бу ҳақда мамлакат Транспорт ва коммуникациялар вазири ўринбосари Агне Вайчюкявичюте маълум қилди.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, чегарадаги “Шумскас” (Беларусь томонидан – “Лоша”) ва “Тверячюс” пункти ёпилгандан кейин Беларусь билан чегарадаги тўртта назорат-ўтказиш пункти очиқ қолади.
Шундан сўнг, ҳаракат “Мядининкай” назорат пунктига (Беларусь томондан – “Каменний Лог”) йўналтирилади.
Икки назорат пунктини ёпиш тўғрисидаги қарор Беларусга кўчиб келган “Вагнер” ёлланма аскарлари таҳдидининг кучайиши билан боғлиқ.
Литва ва Польша расмийларига кўра, Беларусда тўрт мингдан ортиқ ёлланма аскар бор, уларнинг баъзилари Литва-Польша чегараси яқинида жойлашган.
Шунингдек, Литва ички ишлар вазири ўринбосари Арнольдас Абрамавичус барча олтита назорат-ўтказиш пунктларининг ёпилиши жиддий ташкилий муаммоларни келтириб чиқаришини айтган.
Ўз навбатида, Беларусь Давлат чегара қўмитаси Литва ҳукуматининг қарорини товарлар ҳаракатига тўсқинлик қилувчи, шунингдек, Литвадан сайёҳлар оқимини камайтирадиган “яна бир ноконструктив ва нодўстона қадам” деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, Польша Беларусь билан боғловчи темир йўлларни ёпиши мумкинлиги ҳамда чегарани қўриқлашни кучайтириш учун ушбу ҳудудга қўшимча 2 минг аскарини юборгани ҳақида хабар бергандик. Польша раҳбари Анжей Дуда эса чегарадаги вазият кескинлашгани туфайли Жанубий Кореяга сафарини бекор қилди. Боиси, жорий йилнинг 1 август куни чегара яқинида машғулотлар ўтказаётган Беларуснинг икки ҳарбий вертолёти Польша ҳаво ҳудудини бузиб ўтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь