Лирани ўнглаб бўлмаяпти. Туркия пули яна кескин қадрсизланди

Олам 7343
image
-

Туркия савдо маълумотларига кўра, турк валютаси қадрсизланишда давом этмоқда. Бугун, 20 декабрь куни мамлакат Марказий банки асосий ставкани пасайтиргандан сўнг лира 6 фоизга қадрсизланиб, бир доллар 17,38 лирага тенг бўлди.

Жорий йилнинг 16 декабрь куни Туркия Марказий банки асосий ставкани 15 фоиздан 14 фоизга пасайтириш ҳақида қарор қабул қилди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған дисконт ставкасини пасайтириш тарафдори ва бу инфляциянинг пасайишига олиб келади деб ҳисобламоқда. Шунингдек, у 2019 йил июлидан буён Марказий банк раҳбарини уч марта, Молия вазирини эса 2021 йил ноябридан бери икки марта алмаштирган.

Маълумот учун, йил бошидан буён турк лирасининг долларга нисбатан қадри 48 фоизга пастлаган. Туркияда миллий валютанинг долларга нисбатан кескин қадрсизланиши оқибатида мамлакатнинг йирик шаҳарлари Анқара ва Истанбулда ҳукумат истефосини талаб қилиб халқ норозилик намойишлари ўтказган. Намошийлар ортидан Истанбул полицияси 40 дан ортиқ кишини ҳибсга олган.

Жорий йилнинг 16 декабрь куни Туркия миллий валютаси – лира Марказий банк ставкасининг пасайтирилиши кутилаётганда АҚШ долларига нисбатан 3 фоизга қадрсизланиб, тарихий антирекорд янгиланди ва 1 доллар 15 лирага баҳоланди.

Шунингдек, Туркия Президенти Тойиб Эрдўған миллий валюта лиранинг кескин қадрсизланиши фонида мамлакатда минимал ойлик иш ҳақи 2825 лирадан 4250 лирага кўтарилишини маълум қилди. Ҳозирда Эрдўған энг кам маошдан олинадиган айрим солиқларни ҳам бекор қилмоқчи.

Аввалроқ Туркиянинг асосий мухолиф партиялари етакчилари Эрдўғанни иқтисодий қобилиятсизликда айблаб, муддатидан олдин сайловлар ўтказишга чақирган эди. Туркия раҳбари бу таклифни рад этиб, мамлакатда президентлик ва парламент сайловлари режалаштирилганидек 2023 йил июнь ойида бўлиб ўтишини айтган.

Озода Чориева

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 223
Рейтинг: 2.9
t
×