Летексье Аргентина–Миср ўйинидан кейин Instagram’ини ўчириб ташлади
Спорт
−
08 июл 53455 2 дақиқа
2026 йилги Жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичидаги Аргентина ва Миср (3:2) ўртасидаги баҳсни бошқарган франциялик ҳакам Франсуа Летексье учрашувдан кейин ижтимоий тармоқларда унга нисбатан кескин танқид ва ҳақоратлар кучайгач, Instagram саҳифасини ўчириб ташлади.
Мазкур учрашув турнирнинг энг баҳсли ўйинларидан бирига айланди. Аргентина 0:2 ҳисобида ортда бораётганига қарамай, камбэк амалга ошириб, қўшимча вақтда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Бироқ ўйиндан кейинги муҳокамалар асосан ҳакамлик қарорлари атрофида кечди.
Энг катта баҳсларга икки эпизод сабаб бўлди. Биринчиси Мисрнинг ҳисобга олинмаган голи, иккинчиси эса Аргентинанинг ғалаба голи олдидан қоидабузарлик бўлган-бўлмагани ҳақидаги баҳслар. Ҳар икки ҳолат ҳам мухлислар, футбол экспертлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида кенг муҳокама қилинди.
Миср миллий терма жамоаси бош мураббийи Ҳуссам Ҳасан учрашувдан кейин FIFA’ни Лионель Мессини ҳимоя қилишда айблади ва бошқа Жаҳон чемпионати ўйинларини томоша қилмаслигини маълум қилди.
Кейинроқ Миср футбол ассоциацияси президенти Ҳани Абу Рида FIFA’га расмий шикоят йўллаб, ҳакамлар бригадаси фаолияти юзасидан текширув ўтказиш ҳамда уларни мусобақанинг кейинги ўйинларидан четлатишни талаб қилди.
Мазкур воқеага футбол оламининг таниқли намояндалари ҳам муносабат билдирди. “Реал Мадрид” бош мураббийи Жозе Моуриньо ушбу баҳсли вазиятни “кундузги ўғрилик” деб атаб, VAR тизимини танқид қилди. Англия терма жамоасининг собиқ сардори Жон Терри эса мазкур учрашув футболдан кўра ҳакамлик қарорлари билан кўпроқ ёдда қолишини таъкидлаб, Франсуа Летексьени изчилликсиз қарорлар қабул қилганликда айблади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция ва Парагвай учрашувидан кейин ўзбекистонлик ҳакам Ильгиз Танташевни Франция матбуоти танқид қилганди.
Live
Барчаси