Лавров Ўзбекистонга келади
Жамият
−
24 Октябрь
8784Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров жорий йилнинг 28-29 октябрь кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонга келади ва у Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинади. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.
Захарованинг сўзларига кўра, музокаралар давомида асосий эътибор Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш ва ривожлантиришга қаратилади, хусусан, Россия Президенти Владимир Путиннинг 2024 йил май ойида Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу нуқтаи назардан, икки томонлама кун тартиби, томонларни қизиқтирган долзарб халқаро ва минтақавий масалалар кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Россия ТИВ расмий вакили учрашувда “Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи мақомини ҳисобга олган ҳолда Евросиё интеграцияси жараёнларини дипломатик қўллаб-қувватлаши” алоҳида мавзу бўлишини айтди.
Шунингдек, Лавров ташрифи давомида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан суҳбати режалаштирилган.
Қайд этиш жоиз, 22 октябрь куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Чехия Ташқи ишлар вазири Ян Липавский ҳам Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига бориб, профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан учрашганди.
“Ташқи ишлар вазири сифатида мамлакатим хавфсизлигини таъминлаш менинг вазифамдир. Ҳозирда бу хавфсизликка Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги ва унинг оқибатлари билан таҳдид қилинмоқда. Ўзбекистон Дипломатик академиясининг ёш дипломатларига бугунги мурожаатим шу эди”, деб ёзганди Чехия вазири ЖИДУга ташрифидан сўнг ўзининг X’даги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2023 йил апрелда Самарқандга келган ва Афғонистонга қўшни давлатлар Ташқи ишлар вазирлари учрашуви, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг тор ва кенгайтирилган шаклдаги йиғилиши, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва Россия Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этганди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь