Куз-қиш мавсумида коммунал хизматлар нархи ошадими?
Жамият
−
20 Сентябрь 2023
4486Ўзбекистон ҳукумати ҳокимликларга коммунал хизматлар тарифларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилди. Бу ҳақда 1 октябрдан кучга кирадиган “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорида сўз боради.
“Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва оқова сув хизматларига, шаҳар йўловчилар ташиш транспортида (бундан йўналишли ва йўналишсиз таксилар мустасно) йўловчилар ташиш хизматларига янги тарифларни белгилаш тавсия этилсин”, дейилади ҳукумат қарорида.
Қарорда иссиқлик таъминоти хизматларининг аҳоли учун белгиланадиган нархлари жорий куз-қиш мавсумида оширилмаслик белгиланган. Шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига белгиланган тарифларни қайта кўриб чиқишда нархларнинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш чораларини кўриш топширилган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига эса жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб қуйидагилар:
- табиий газ ва электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, сотиш тарифларини ҳамда иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш тарифлари;
- электр ва иссиқлик энергияси, шунингдек, табиий газ истеъмолчиларидан ва улгуржи қайта сотувчилардан тушадиган маблағларни тақсимлаш тартиби;
- темирйўл транспортида юк ва йўловчиларни ташиш хизматлари ва бошқа тарифларни қайта кўриб чиқиш топширилган.
Эслатиб ўтамиз, 1 октябрдан кучга кирадиган ёқилғи-энергетика ресурсларининг янги тарифларига кўра, аҳолига электр энергияси 295 сўмдан, табиий газ 380 сўмдан ва суюлтирилган газ 1120 сўмдан сотилиши белгиланганди. Юридик шахслар учун эса тарифлар оширилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь