Кутилган янгилик: Ас-Сиси яна Миср Президенти бўлди
Олам
−
18 Декабрь 2023
5994Мисрнинг амалдаги раҳбари Абдулфаттоҳ ас-Сиси мамлакатдаги президентлик сайловларининг биринчи босқичининг ўзидаёқ 89,6 фоиз овоз тўплаб, катта фарқ билан ғалаба қозонди. Бу ҳақда Миллий сайлов комиссияси раҳбари Ҳазем Бадавий маълум қилди.
Шу тариқа, 69 ёшли ас-Сиси кетма-кет учинчи муддатга Миср Президенти бўлди.
Ас-Сисига 39,7 миллиондан ортиқ Миср фуқароси овоз берган. Республика Халқ партиясининг етакчиси Ҳазем Умар эса атиги 4,5 фоиз овоз тўплаган.
Яна икки номзод – Миср социал-демократик партияси раиси Фарид Заҳрон ва “Янги Вафд” партияси раҳбари Абдул-Санад Ямама мос равишда 4 фоиз ва 1,9 фоиз овоз олган.
Бадавийнинг қайд этишича, сайловчиларнинг жорий президентлик сайловларида иштирок этиш даражаси мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткични қайд этган, яъни 66,8 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, у сайловлар шаффоф ўтганини таъкидлаган.
Миср сайлов комиссияси ҳам мамлакатдаги сайловларнинг биринчи босқичидан сўнг овоз бериш жараёни бўйича ҳеч қандай шикоят келиб тушмаганини билдирган.
Мисрда сайловлар уч кун – 10, 11 ва 12 декабрь кунлари бўлиб ўтди. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 09:00 да очилиб, 21:00 да ёпилди. Унда 67 миллионга яқин мисрликлар овоз бериш имкониятига эга эди.
Сайлов давомида республика бўйича 9376 та сайлов участкаси фаолият кўрсатган. Сайлов жараёни 14 халқаро ташкилот ва 220 халқаро кузатувчи иштирокида ўтган.
Мамлакат ташқарисида эса президентлик сайловлари 1-3 декабрь кунлари бўлиб ўтди. Овоз бериш 121 мамлакатдаги 137 та сайлов участкасида ташкил этилган.
Маълумот учун, Ас-Сиси 2014 йилда Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан ағдарилганидан бир йил ўтиб, ўтказилган сайловларда ғалаба қозонган ва Миср Президенти этиб сайланган. 2018 йилда у иккинчи муддатга қайта сайланди. 2019 йилнинг апрель ойида Мисрда референдум бўлиб ўтди, натижада ас-Сисига янги муддатга ўз номзодини қўйиш имкониятини берувчи ва президентлик муддатини тўрт йилдан олти йилгача оширувчи тузатишлар қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз,10 декабрь куни Мисрда президентлик сайлови бошлангани ҳақида маълум қилган эдик.
LiveБарчаси