Кудбиев Олмалиқдаги воқеалар сабаб нега 11 солиқчини ишдан олганини изоҳлади
Жамият
−
24 Май 2021
9329Аввалроқ, Олмалиқ шаҳрида давлат солиқ инспекцияси ходимлари кўчада нарса сотиб ўтирган аёлларни мажбурлаб олиб кетгани акс этган видео тарқалиб, жамоатчилик норозилигига сабаб бўлганди. Ҳолат бўйича ўрганиш ўтказилиб, 11 нафар солиқчи ишдан олинганди.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Тошкент беш ташаббус ҳаракати доирасидаги ёшлар билан учрашувда Олмалиқда кўчада савдо қилган аёлларга куч ишлатгани учун ишдан олинган солиқчилар масаласига тўхтатилди.
“Олмалиқдаги юз берган воқеа бўйича, тўғри ҳолатмиди? Мутлақо нотўғри ҳолат бўлган. Ўша воқеа сабаб 11 нафар солиқ ходими ишдан кетди. Чунки уларнинг чора кўриш услуби нотўғри эди. Лекин улар биринчидан, топшириқни бажаришган. Иккинчидан, ўшандай ёйма ҳолатида савдо қилиш барча талабларга зид. Мен нимага уларни ишдан олиб ташладим? Чунки уларнинг аёллар билан бундай муомалада бўлиши мумкин эмас. Бошқа томондан солиқчи куч ишлатишга ҳаққи йўқ. Солиқ органи фақат маъмурий чора кўриши мумкин холос.
Мен туман ҳокими сифатида ҳам ишлаганман. Сиз муддати ўтган, андиша қилинадиган нарсалар сотилишини муаммо деяпсиз, лекин ундан каттароқ муаммолар бор. Бу чек бермаслик, пластикка савдо қилишда 15-20 фоизга нарх қиммат бўлади деб айтиши, ёки пластикдан олишга рози бўлганда терминалдан ечмасдан, пластик карточкага тўлов тизимлари орқали ўтказиб беришни сўрашади. Иккита жисмоний шахс ўртасидаги ўтказма савдо бўлмайдида, солиғини тўламайди. Мана шулар аслида катта муаммо. Шунга қарши курашишмиз керак”, деди Кудбиев.
Эслатиб ўтамиз, Олмалиқда солиқчилардан жабр кўрган аёлларнинг ноқонуний фаолияти “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида қонунийлаштирилган.
Уларга Олмалиқ шаҳридаги савдо марказидан тегишли жой ажратиб берилган. Шунингдек, кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилиб, улардан бирига тикув машинаси ҳадя этилган.
LiveБарчаси