Кучли таъсир қилувчи моддаларни қўлбола усулда қадоқлаб, тарқатган жиноий гуруҳ ушланди
3-саҳифа
−
05 Июль
3790Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган дала ҳовлида катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги тезкор-қидирув департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, 1997 ва 2003 йилда туғилган икки нафар шахс Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги дала ҳовлида таркибида кучли таъсир қилувчи моддаларни қўлбола усулда қадоқлаш билан шуғулланиб келган. Ўтказилган тезкор тадбирда манзилдан 13 кг 500 грамм (45 минг дона) “Прегабалин” ҳамда 20 литр (2 минг дона) “Тропикамид” моддалари, шунингдек 60 минг дона атрофида “Тропикамид” ва “Прегабалин” дори воситаларининг бўш капсула ҳамда флаконлари ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, тадбир давомида қора дориларни етказиб берувчи 1998 ва 1993 йилларда туғилган икки нафар курьерлар Nexia 3 русумли автомашинада Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ҳудудида кетаётган вақтида ушланган. Ҳайдовчининг ёнидан 10 дона “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилган.
Билдирилишича, ушланган шахслар Telegram мессенжерида ташкил этилган каналда “дори воситаларини қадоқловчи” ва “етказиб берувчи” сифатида ишлаётгани маълум бўлган.
“Ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланган 4 нафар шахсдан 3 млрд 300 млн сўмлик жами 13 кг 500 грамм (45 минг дона) “Прегабалин” ва 20 литр (2 минг дона) “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди. Ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 251 прим 1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабар сўнгида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда гиёҳванд моддаларни яширинча олиб ўтаётган юк машинаси аниқланганди.
LiveБарчаси