Олти ҳудудда “таблетка” савдогарлари ушланди
3-саҳифа
−
20:21 303 2 дақиқа
Тошкент шаҳри, Андижон, Қашқадарё вилоятлари ҳамда бошқа ҳудудларда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар аниқланди. Тезкор тадбирлар давомида гумон қилинган шахслар ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Миробод туманида департаментнинг туман бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро М.Ў. хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган 1 200 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро С.П.га 1 200 АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Андижон вилоятида ўтказилган тадбирда эса фуқаро Ш.И. 17 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқарога 400 АҚШ доллари ва 1 миллион сўм эвазига сотаётган вақтида қўлга олинган.
Шунингдек, Шаҳрихон туманида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро Р.М. ушланган. У фуқарога 89 дона “Тропикамид”ни 25 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган. Тезкор тадбир давомида ундан қўшимча равишда яна 44 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Қашқадарё вилоятининг Касби туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланган. Тезкор тадбирда Республика тез тиббий ёрдам марказининг Касби тумани тез тиббий ёрдам чақирув бригадаси фельдшери А.Р. фуқаро С.Н.га 60 дона “Габатен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бектемир туманида эса “Шарқ” ЙПХ масканида шубҳа остига олинган фуқаро М.О. бошқарувидаги BYD SONG русумли автомобиль тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Муқаддам судлангани айтилган М.О.нинг автомобили салонидан 55 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Олмалиқ шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Г.Ф. 40 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқарога сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, Мирободда 1 200 дона, Андижонда 17 дона, Шаҳрихонда 89 дона ва қўшимча 44 дона, Қашқадарёда 60 дона, Бектемирда 55 дона ҳамда Олмалиқда 40 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида 11 671 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи фош этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси