“Крокус”даги теракт иши бўйича 12-айбланувчи ҳибсга олинди
Олам
−
17 Апрель
8578Москвадаги Тверь туман суди “Крокус Сити Ҳолл”даги теракт ишида икки айбланувчини сохта рўйхатга олишда айбланаётган Россия ва Тожикистон фуқаросини икки ойга ҳибсга олди. Бу ҳақда “Медуза” хабар берди.
Суд матбуот баёнотида айбланувчи Ашуров деб кўрсатилган. У Жиноят кодексининг 322.2-моддаси билан яшаш жойи бўйича сохта прописка қилишда айбланмоқда.
Айбловга кўра, Ашуров ака-ука Диловар ва Аминхон Исломовларни сохта рўйхатга олган. Улар 22 март куни “Крокус Сити Ҳолл”га ҳужум қилган террорчиларни квартира ва машина билан таъминлаш, шунингдек, пулларини олиб ўтишда айбланмоқда. Уларнинг иккаласи ҳам террорчиликда айбланиб ҳибсга олинган.
Суд хулосасида айтилишича, Ашуров ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган. Унинг Тожикистонда яқин қариндошлари яшайди, шунинг учун терговчилар қочиб кетишидан қўрқиб, суддан уни ҳибсга олишни сўраган.
Сохта рўйхатга олиш моддаси бўйича максимал жазо уч йилгача озодликдан маҳрум қилишдир.
Эслатиб ўтамиз, Диловар ва Аминхон Исломовлар ҳамда уларнинг отаси Исроил Исломов 25 март куни, терактдан уч кун ўтиб ҳибсга олинган эди. Бу вақтга келиб, тўрт нафар асосий гумонланувчини 22 майга қадар қамоқда сақлаш ҳақида суд қарори чиққанди. Терговчиларнинг айтишича, Исломовлар дастлаб қўлга олинган 4 нафар гумонланувчига машина ва уй-жой билан ёрдам берган. Кейинчалик теракт иштирокчиларига квартирани ижарага берганликда айбланаётган Қирғизистонда туғилган Россия фуқароси Алишер Қосимов ҳам ҳибсга олинди. Апрель ойи бошида Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари Москва, Екатеринбург ва Омск шаҳарларида “Крокус Сити Ҳолл”даги терактга алоқадорликда гумон қилинган яна уч нафар шахсни қўлга олди.
LiveБарчаси