Кремлнинг огоҳлантиришига қарамай Германия Украинага ракетага қарши қурол берди

Олам

image

Германия Украинага ваъда қилинган тўртта Iris-T SLM ҳаво мудофаа тизимидан биринчисини топширди. “Der Spiegel” маълумотларига кўра, бу Германияда мавжуд бўлган энг замонавий ҳаво мудофаа тизимидир.

Iris-T SLM зенит-ракета тизими (ЗРТ) учта транспорт воситасидан иборат: ҳарбий юк машинасидаги ишга тушириш ускунаси, радар аппарати ва қўмондонлик машинаси. Зенит ракеталари 20 километр баландликдаги ва 40 километргача бўлган масофадаги нишонларга зарба бера олади.

Германия канслери Олаф Шольц ЗРТ етказиб берилишини июнь ойида эълон қилди, бироқ биринчи қурилма ноябрь ойидан олдин Украинага жўнатилмаслиги тахмин қилинганди. Бироқ октябрь ойи бошида Германия Мудофаа вазири Кристин Ламбрехт Одессага ташрифи чоғида немис ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг биринчи партияси Украинага “яқин келажакда” берилишини айтди.

Қолган учта тизим 2023 йилда Украинага берилади. Аниқ саналар ҳали маълум эмас.

Сентябрь ойи охирида Украина АҚШдан NASAMS ҳаво мудофаа тизимларини олди. Бу тизимлар 40-50 километр радиусда ва 15 километрдан ортиқ баландликдаги нишонлар учун ишлайди. Улар қанотли ва баллистик ракеталарни, дронларни ва самолётларни уриши мумкин.

Аввалроқ Германия Украинага бир неча кун ичида аввал ваъда қилинган тўртта замонавий ўрта масофага мўлжалланган IRIS-T SLM Infra Red Imaging System Tail ҳаво мудофаа тизимидан биринчисини етказиб беришини эълон қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Россия 10 октябрь куни Киев, Днепр ва Украинанинг бошқа бир қатор шаҳарларини кучли ракета зарбаларига дучор қилди. Украина бутун мамлакат бўйлаб ҳаво огоҳлантиришини эълон қилди. Киевда, шунингдек, Украинанинг бошқа ҳудудларида, жумладан Днепр вилояти, Одесса ва Харьковда эрталаб бир қатор портлашлар содир бўлди.

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростислав Смирновнинг айтишича, камида 14 киши ҳалок бўлган, 60 га яқин киши жароҳатланган. Портлаш оқибатида олтита автомобиль вайрон бўлган, яна 15 таси зарар кўрган. Маҳаллий Telegram каналлари хабарига кўра, портлашлар Украина хавфсизлик хизмати маъмурияти биноси ҳудудида, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Володимирська кўчасидаги кабинетларидан бирида содир бўлган. Киев метросида қизил чизиқда поездлар ҳаракати тўхтатилди, барча ерости станциялари бошпана сифатида ишлайди. 

Ҳужум ортидан АҚШ Жо Байден Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб берилишига ваъда берди.

АҚШ ва Германиянинг ракетага қарши қурол етказиб бериш ҳақидаги баёноти ортидан Кремль вакили Дмитрий Песков бундай воситаларнинг етказиб берилиши Украинанинг азобларини узайтиришини, аммо Россия ўз мақсадларига ҳар қандай шароитда ҳам етишини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

131

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made