Кремлга ҳужум ортидан Россияда дронлар билан курашиш полицияси пайдо бўлди
Олам
−
12 Май 2023
6764Кремлга бўлган дрон ҳужуми ортидан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида дронлар билан курашиш полицияси яратилди. Полиция снайпер милтиқлари, карабинлар ва дронлар билан қуролланган ҳолда 9-май куни илк марта кўриниш берган. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Маълум қилинишича, Дронлар билан курашиш бўйича хавфсизлик кучларининг иши 9-май куни бошланган. Улар Ғалаба паради пайтида ҳам шаҳар марказидаги бинолар томларида навбатчилик қилишган.
"Санкт-Петербург полициясида оммавий тадбирлар вақтида ҳавода хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлган махсус бўлим ташкил этилди", дейилади хабарда.
Билдирилишича, ходимлар снайпер милтиқлари ва карабинлар билан қуролланган гуруҳлардан иборат бўлиб, асосан, дрон операторларини ҳибсга олиш билан шуғулланишади.
9 май куни шаҳар марказидаги биноларнинг томларига беш жуфт снайпер ва учувчисиз электромагнит қуролларга эга иккита гуруҳ ўрнатилган. Бир нечта ер усти постлари қўшимча кузатувни таъминлаб, мобил гуруҳлар кўчаларда дрон операторларини аниқлаш учун патрул қилган.
“Бўлинманинг бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ҳамкасблари кўмагида олиб борилган ишлар натижасида байрам кунларида нохуш ҳолатлар кузатилмади”, дея хулоса қилинган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 май куни Москва Киевни Владимир Путиннинг Кремлдаги қароргоҳига дронлар ёрдамида ҳужум қилишга уринганликда айблаганди. Украина президенти Владимир Зеленский воқеага алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни рад этди.
LiveБарчаси