“Жирканч зарба”. Россиянинг Украинага қилган ҳужумида 28 киши ҳалок бўлди

World

−

image

Украинада Россиянинг оммавий ракета ва дрон ҳужумлари оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлди, яна 100 га яқин одам жароҳатланди. Украина Президенти Владимир Зеленский ҳужумни Россиянинг “энг жирканч зарбаларидан бири” деб атади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Ҳужум кеча, 7 октябрга ўтар кечаси амалга оширилган. Россия Украина ҳудудига 70 та ракета, жумладан, юқори тезликда учувчи баллистик ракеталар ва ўнлаб “Шаҳед” дронларини учирган. Зарба оқибатида саноат корхоналари ва энергетика инфратузилмасига ҳам зарар етган.

Энг катта талафот Чернигов вилоятининг Прилуки шаҳрида қайд этилган. У ерда Россия ракетаси беш қаватли тураржой биносини вайрон қилган. Вилоят губернатори Вячеслав Чауснинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида 20 киши, жумладан, 5 нафар бола ҳалок бўлган. Шаҳарда яна 55 киши жароҳатланган.

Қутқарувчилар вайроналар остидан одамларни қидириш ишларини олиб борган. Экскаватор ва белкураклар ёрдамида бинонинг қулаган қисмлари тозаланган. Фавқулодда вазиятлар ходимлари сақланиб қолган қаватларга нарвонлар орқали чиқиб, вайроналар орасидан 15 нафар тирик қолган одамни олиб чиққан.

“Вайроналик жуда катта, айниқса шаҳар марказида”, деган Прилуки мэри ўринбосари Данило Савенко.

Киевда ҳам қурбонлар бор. Шаҳар чеккасида Россия дрони қолдиқлари қулаши оқибатида 2 киши ҳалок бўлган. Зеленский аввалроқ Киев, шунингдек, марказий ҳудудлардаги Александрия ва Кремёнчук шаҳарларида ҳам тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини маълум қилган.

“Россияликлар оғриқли ва намойишкорона зарба беришни истади. Бу энг жирканч зарбалардан бири бўлди”, деган Зеленский.

У видеомурожаатида ҳужум Владимир Путиннинг туғилган кунига тўғри келганини ҳам таъкидлаган.

“Путин ўзига шундай туғилган кун совғасини берди: болаларни ўлдириш, одамларни ўлдириш”, деган у.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари эса Россия учирган 46 та реактив двигателли дроннинг 80 фоиздан кўпроғини уриб туширганини билдирган.

Шунингдек, Зеленский Россиянинг баллистик ракеталари Украина учун ҳануз энг катта муаммо бўлиб қолаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Украина АҚШда ишлаб чиқарилган “Patriot” ҳаво мудофаа тизимларини олиш учун ҳар куни музокара олиб бормоқда. Мазкур тизим Украинада юқори тезликда учувчи баллистик ракеталарни уриб тушира оладиган ягона қурол тизими ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинлари Харков шаҳрининг Индустриалний туманига “Бандероль” ракеталари билан 2 марта зарба берганди. Ҳужум оқибатида 1 киши ҳалок бўлган, 6 киши яраланган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends