Марказий банк асосий ставкани пасайтирди
Жамият
−
25 Июль
8156Инфляциянинг кутилаётган динамикаси ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганлигини инобатга олиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, июнь ойида умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида шаклланиб, инфляциянинг барқарор компонентлари ва мева-сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилган. Ташқи бозорлардаги нархлар динамикаси ҳам импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда.
“Шунингдек, озиқ-овқат товарлари инфляциясининг пасайиши ҳамда алмашув курси барқарорлиги аҳолининг инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатиб, июнь ойида сезиларли пасайишига олиб келди. Бу эса, кутилмалар томонидан инфляцияга босимларни пасайиб боришига шароит яратади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, базавий инфляциянинг пасаювчи динамикаси давом этиб, июнда 5,9 фоизга тенг бўлган ва йил бошидан 2,6 фоиз бандга пасайган. Марказий банкка кўра, бу энергия тарифлари ўзгаришининг иккиламчи таъсири кутилганидан паст бўлганлиги билан изоҳланиб, инфляциянинг келгусида ҳам пасаювчи трендининг давом этишига ишора бермоқда.
“Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатини амалга оширишда давом этади. Бунда, асосий ставка бўйича келгуси қарорлар инфляция динамикаси ва прогнози, инфляцион кутилмалар ҳамда макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича келгуси давр маълумотлари асосида қабул қилинади”, дейилади хабарда.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 12 сентябрга белгиланган.
Маълумот учун, aсосий ставка давлат ва тижорат банкларидан кредит олиш, омонат жойлаштириш фоизларини белгилаш учун бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилади. Яъни банклар Марказий банк белгилаган асосий ставкадан келиб чиққан ҳолда кредит ва депозит фоизларини белгилайди.
Ўзбекистонда асосий ставка 2023 йилнинг март ойидан бери ўзгаришсиз, 14 фоизлик кўрсаткичда сақланиб келаётган эди. Марказий банкнинг асосий ставкани тушириш борасида чиқарган қароридан келиб чиқиб айтиш мумкинки, яқин орада банкларда ажратилаётган имтиёзли кредит ставкаси ҳам 13,5 фоизга туширилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон банкларида кредитларнинг ўртача фоизи кўтарилгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси