Коррупция ҳақидаги аноним мурожаатлар ҳам кўриб чиқилади
Жамият
−
19 Декабрь 2020
6576“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Унда коррупция ҳақидаги аноним мурожаатлар ҳам кўриб чиқилиши ҳақида маълумотлар мавжуд.
Таҳлилларга кўра, 2018-2020 йилларда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига 90 та, Ички ишлар вазирлигига эса 106 та жиноятга, шу жумладан коррупцияга оид маълумотлар бўлган аноним мурожаатлар келиб тушган. Миллий қонунчиликда бундай мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда бу жараёнда аниқланган қонунбузилишларга нисбатан чоралар кўриш тартибига доир ҳуқуқий асослар яратилмаганли ўз вақтида жиноятларни фош этиш имконини бермаяпти.
Маълум қилинишича, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда қонунийликни таъминлаш мақсадида юқоридаги қоидадан фарқли ўлароқ, терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурорга содир этилган, содир этилаётган ёки тайёрланаётган жиноятлар тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлган аноним мурожаатни кўриб чиқиш чоғида жиноятга оид маълумотлар аниқланганида, Жиноят поцессуал кодексининг 330-моддасида кўрсатилган қарорларнинг бирини қабул қилиш ваколати берилмоқда.
Хабарга кўра, ушбу таклиф этилаётган қоидалар хорижий давлатлар, хусусан, Арманистон, Австрия, Грузия, АҚШ, Канада, Австралия, Украина ва Сербия каби давлатларнинг қонунчилигида ҳам учрайди.
Ушбу ўзгартишлар киритилгач, жиноят иши қўзғатилишига жиноятга оид маълумотлар мавжуд бўлган аноним мурожаатни кўриб чиққан ходимнинг жиноят аломатлари аниқлангани ҳақидаги билдиргиси сабаб бўлади, бу эса, Жиноят поцессуал кодексининг 323-моддасига зид ҳисобланмайди.
LiveБарчаси