Коронавируснинг янги нишони болалар...ми? Отабеков изоҳ берди

Саломатлик

image

Хабарингиз бор, охирги кунларда Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна ортмоқда. Ўтган йили касаллик асосан кексалар ва ўрта ёшлардагиларга хавф солган бўлса, энди унинг янги нишони болалар ва ўсмирлар бўлмоқда. Айни вақтда мамлакатдаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабаларида касаллик қайд этилмоқда. 

Бугун, 15 март куни Ўзбекистонда коронавирус илк бор қайд этилган кун муносабати билан QALAMPIR.UZ томонидан ташкил этилган Корона Марафони жонли мулоқотида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабеков касалликнинг айнан болалар ва ўсмирлар орасида тарқалишини изоҳлади. 

“Ҳозир касалликни мактаб ўқувчилари, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари орасида учраётгани – бу энг фаол, яъни уюшган жамоаларда касаллик тарқалиши эҳтимоли юқори эканидан дарак беради. Уюшган жамоада мулоқот кўп. Касаллик қўзҳатувчиси ўз “эга”сини қайта-қайта алмаштиргани учун “вирулентлик” ва “патогенлик” хусусияти ортиб боради. Натижада касаллик яна кўпроқ одамни зарарлаши эҳтимоли пайдо бўлади. Буни “экилиш” деб ифодалаш мумкин. Яъни бир “эга”га кириб олиб, иккинчи бир “эга”ни танлаш ва алмаштириш орқали вируслар кўпаяди. Шу нуқтайи назардан ҳозирги вазиятни огоҳлик қўнғироғи сифатида қабул қилиш керак ва мос равишда муносабатда бўлиш керак”, дейди Нурмат Отабеков. 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 март куни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 117-сонли давлат мактабгача таълим муассасасининг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган. МТТда 13 март куни  2 нафар тарбияланувчи ва 2 нафар тарбиячида COVID-19  аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг 12 моддаси “ж” бандига асосан мактабгача таълим ташкилотининг ходимлари ва тарбияланувчилари 14 кунлик тиббий назоратга ўтказилиши маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Нурмат Отабеков Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

1297

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг