Коронавирусга чалинган ва карантинга олинганларни камситганлик учун жазо бор
Жамият
−
12 Апрель 2020
6706Пандемияга айланган коронавирус инфекциясидан дунё миқиёсида миллионлаб одамлар зарар кўрмоқда. Бугун бутун инсоният шу касалликдан тезроқ қутулиш ҳаракатида. Ахборот маконида ҳам инфекция юқтиргани аниқланган, ундан даво топаётган ёки вафот этганлар ҳақидаги маълумотлар биринчи рақамли хабар бўлмоқда.
Ҳеч бир инсон бу рақамлар ичида ўзини бўлишини хоҳламайди. Лекин, кимдир ўзи истамаган ҳолда вирусни юқтириб олиши мумкин ва бундай инсонларга жамиятнинг, атрофдаги таниш-билишларининг муносабати қандай бўлиши керак?
Ўзбекистонжа вирус аниқланганларни даволаш ва улар билан мулоқотда бўлганликда гумон қилинган шахсларни карантинда сақлаш билан бир қаторда, вирус тарқалишининг олдини олиш учун карантин чекловлари, кўчалар, жамоат жойлари ва бошқа фуқаролар бўлиши мумкин жойларда дезинфикция ишлари амалга оширилмоқда. Бугун пандемиядан аҳолини зарарсиз олиб чиқиш бўйича барча имконият ва чоралар қўлланмоқда. Миллионлаб одамлар карантин ва “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзида яшамоқда.
Кўрилаётган чоралар ва тиббиёт ходимларининг куну тун меҳнатлари натижасида соғайганлар ва карантин муддати тугаб уйларига қайтаётганлар сони кун сайин ошмоқда.
Минг афсуски, айрим шахслар карантиндан қайтган ёки касалликдан тузалган фуқароларни маънавий қўллаб-қувватлаш ўрнига уларга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, камситиш, шаъни ва обрўсига путур етказиш ёки уларни касалликни бошқаларга ҳам юқтиришида айблаш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Бу йўл қўйиб бўлмайдиган хатодир.
Адлия вазирлиги Конституцияга кўра, ҳеч ким инсон қадр-қимматини камситувчи тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Ҳар бир фуқаро ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан қонун билан ҳимояланганини эслатиб ўтди.
Короновирусдан тузалган ёки карантинда бўлган шахсни ҳақорат қилганлик, шаъни ва қадр-қимматига путр етказганлик, камситганлик, унинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни тарқатганлик учун 9 млн сўмгача маъмурий жарима белгиланган.
Агар маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ушбу қилмиш такроран содир этилса, айбдорга 22,3 млн сўмгача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жиноий жазо қўлланилиши мумкин.
Бундан ташқари, фуқаронинг шахсий ҳаётига доир маълумотларни қонунга хилоф равишда ошкор қилиш оғир оқибатларга олиб келса, айбдор 44,6 млн сўм жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
“Ҳурматли ватандошлар, бугун давоси бўлмаган касалликни енгиб ўтиб оиласига қайтган шахснинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг.
Ахир, бу вирусдан ҳеч ким ҳимояланмаган-ку. Сиз ўша одамнинг ўрнида бўлсангиз ва Сизни бошқалар таҳқирлашса, ҳақорат қилишса ёки камситишса, қандай ҳолатга тушишингизни тасаввур қилиб кўринг ва хулоса қилинг. Акс ҳолда, бундай ишни қилганлар қонун олдида муқаррар жавобгар бўлади.
Албатта, вирусни юқтирганлигини била туриб уни бошқаларга қасддан юқтирган, карантин тартибини бузиб бошқаларни хавф остига қўйган шахслар ҳам қонунда белгиланган жавобгарликка тортилиши муқаррар.
Шундай экан, фуқаролар аниқ ҳолатни билмасдан туриб, бошқаларни асоссиз айблашдан ўзларини тийиши лозим, агар аниқ маълумотлар бўлса тегишли органларга хабар қилиши вазиятни биргаликда енгишга хизмат қилади.
Бугунги қийин кунларда, барча фуқароларни ҳар қачонгидан ҳам бирдамликда ҳаракат қилишга, бир-биримизга ҳурмат билан муносабатда бўлишга, айниқса оғир аҳволга тушганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Зеро, мана шундай ҳамжиҳатлик бизни ҳар қандай қийнчиликни енгиб ўтишимизга асосий замин бўлади”, дейилади вазирлик мурожаатида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтга келиб, коронавирусга чалинганлар 833 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 42 нафари даволанган, 4 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси