Коронавирусга чалинган беморнинг уйда ёки шифохонада даволанишини ким ҳал қилади?

Жамият 8614
image

Ўзбекистонда коронавирус аломатлари намоён бўлган фуқаро дастлаб ҳудудий поликлиникасига мурожаат қилиши керак. Поликлинкадаги эпид гуруҳ фуқаронинг аҳволидан келиб чиқиб, уни уйда қолдириш ёки шифохонага олиб боришни ҳал қилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев маълум қилди.

Юсупалиевнинг маълум қилишича иш аввалгидек тартибда олиб бориляпти. Аммо вазирликнинг алоҳида буйруғи қабул қилинган.

“Унга кўра, бирор фуқарода касаллик белгиси аниқланган бўлса, масалан, ҳарорат кўтарилиши ёки қуруқ йўтал ва шу каби аломатлар кўринса, ўша фуқаро биринчи навбатда ўзининг поликлиникасига мурожаат қилиши керак. 

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида мавжуд 64 та поликлиникада, вилоятларда ҳам, эпид гуруҳлар тузилган. Унинг таркибидиа оилавий шифокор, инфекционист, эпидемиолог бор. Мана шу учта шахсдан иборат эпид гуруҳ жойларга бориб, вазиятни ўрганиб, хулоса қилади. Улар беморни ё уйда даволаниш учун қолдириш ёки унинг касаллиги оғирлигига қараб касалхонага ётқизиш масаласини ҳал қилади. Тез тиббий ёрдам бригадасини чақириб, шифохонага ётқизиш чорасини кўради”, дейди Юсупалиев.

Унинг таъкидлашича, бу тартиб фақатгина коронавирусга тест топширган ва мусбат натижа чиққан фуқароларга тааллуқли. Аломатлар пайдо бўлиб, тест топширмаган фуқаролар нима қилади? ССВ вакили бу саволга ҳам жавоб қайтарди.

“Аломатлар энди кўрина бошлаган бўлса, у ҳам шу тартибда мурожаат қилади. Яна бир йўли бизда 1105 Call-маркази ташкил қилинган. Бу Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси учун. Республика бўйича 1003 рақамли Call-маркази ишлаб турибди. У ерда ҳудудга топшириқ берилади. Ҳудудда Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва соғлиқни сақлаш бўлимидан эпидемиологлар боради. Фуқарода ҳақиқатда аломатлар бўлса, тест олинади ва текширилиб, жавоби берилади. Қолган ишлар юқорида айтиган тартибда амалга оширилади”, деди Юсупалиев.

Аввалроқ, ССВ вакили Ўзбекистоннинг 1 миллионта коронавирус тест захираси борлигини маълум қилганди. Аммо тизимга босим ортиб кетгани учун тест топширишда муаммолар юзага келаётгани таъкидланганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 203
Рейтинг: 3
t
×