1 миллионта тест бор, аммо... Юсупалиев СЭСларда коронавирусга тест олинмаётганига изоҳ берди

Жамият

Ўзбекистоннинг 1 миллионта коронавирус тест захираси мавжуд ва доимий тўлдириб борилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев маълум қилди.

Баҳодир Юсупалиев “Ўзбекистон 24” телеканалидаги жонли мулоқот вақтида тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилиб тушиб бўлмаётгани, СЭСларда коронавирусга тест олинмаётгани ҳақидаги хабарларга жавоб берди. У мамлакатда коронавирус тарқалиши авж олгани сабабли соғлиқни сақлаш тизимига босим ортиб кетганини ва кунига 500 га яқин бемор аниқланаётганини айтиб ўтди.

“Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимига “нагрузка” жуда юқори бўляпти. Сабаби кунига 450-470 нафар бемор аниқланмоқда. Бу биринчидан.

Иккинчидан, чет элдан фуқароларимиз келяпти, уларни албатта қабул қилишимиз керак. Давлат раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратганлар. Келганлар карантин зоналарига жойлаштирилмоқда. Карантин мажмуаларида албатта тестларни ўтказамиз. Шифохоналарда даволанаётган беморлардан бир неча марта тест оламиз, бугунги кунда махсус шифохоналарда беш мингга яқин бемор даволанмоқда”, деди Юсупалиев.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда кунига 25 мингтагача тест ўтказиляпти. Бу вазият барқарор бўлган даврга нисбатан 2 баробар кўп. Тестлар ўтказишни кўпайтириш учун қўшимча ПЗР лабораториялар ҳам ташкил қилинган.

“Республика бўйича кунига 20, 22, 25 минггача тестлар ўтказяпмиз. Энди буни ўтган давр билан солиштирамиз: илгари кунига 8-10 мингта тест ўтказган бўлсак, ҳозирга 2 баробар кўп тест ўтказяпмиз. Бу ҳам соғлиқни сақлаш тизимига катта юклама тушаётганидан далолат беради.

Бу натижага эришиш учун қўшимча 45 та ПЗР (полимерат занжирли реакция) лабораториялари сотиб олинди ва жойларга етказилди”, дейди ССВ масъули.

Шундан сўнг, вазир ўринбосари мамлакатда коронавирус тестлари қолмагани ҳақидаги гап-сўзларни инкор қилди. У мамлакатда 1 миллионта тест борлигини айтиб ўтди.

“Ҳозир Ўзбекистонда тестлар етарли эмаслиги ҳақида ҳар хил гаплар юрибди. Тестлар бор. Бугун захирамизда 1 миллионта тест бор ва жараён давом этади. Захира доимий янгиланиб боради. Соғлиқни сақлаш тизими, агентлик бу борада ишларни ташкил қиляпти.

Тўғри, айрим муаммолар бўлиши мумкин. Камчиликлар йўқ эмас. Мисол учун, Тошкент шаҳрининг ўзида 5 та жойда тест синовларини олиш масаласи қўйилган эди. Лекин бугунги кунда касалланиш ҳолатлари ўсишини инобатга олиб биз ҳозир ҳар битта туманнинг ўзида тестларни олиш масаласини қўйганмиз ва бу ишлар амалга ошириляпти”, дея олиб борилган ишлар ҳақида маълумот берди Баҳодир Юсупалиев.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

322

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг