Коронавирус: АҚШ энг йирик вакцина синовини бошлади. Ҳиндистонда янгилик бор

Саломатлик

image

АҚШда кеча, 27 июль куни Moderna биотехнология компанияси ишлаб чиққан коронавирус вакцинасининг учинчи ва якуний синови бошланди. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилган.

Вакцинанинг клиник синовида 30 минг киши иштирок этяпти. “Associated Press” нашрининг ёзишича, бу дунёда SARS-CoV-2 коронавирус инфекцияси вакцинасига ўтказилаётган энг кенг кўламли синов бўлади.

Moderna компанияси вакцинани ихтиро қилиш учун АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий-биологик тадқиқотлар департаментидан 483 миллион доллар маблағ олган. Шу билан бирга, вакцинанинг якуний синови нисбатан кам одамда ўтказилиши тахмин қилинганди.

Аммо Food and Drug Administration (АҚШнинг маҳсулотларнинг сифатига жавобгар тузилмаси) билан бўлган маслаҳатлашувларда томонар учинчи босқичда волонтёрлар сонини кескин оширишга келишган. Бунинг учун компанияга яна 472 миллион доллар ажратилади.

Коронавирус вакцинаси борасида дунёда фармацевтика соҳасида етакчи давлат Ҳиндистонда ҳам янгилик бор. Ҳиндистонда яратилган Covaxin вакцинасининг клиник синови Деҳлида Бутунҳиндистон тиббиёт фанлари институтида (AIIMS) бошланди.

Вакцинанинг илк дозасини 30 ёшли деҳлилик эркакка юборишган. У икки соат давомида шифохонада назоратда бўлган. Унда ҳеч қандай кутилмаган белгилар кузатилмаган. Аммо шифокорлар кўнгилли эркакни етти кун давомида назорат қилиб туради.

Вакцина Ҳайдарободдаги Bharat Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Уни синаш учун 1800 дан кўпроқ одам кўнгилли сифатида рўйхатдан ўтган. 

Бундан ташқари яна еттита ҳинд компанияси самарали коронавирус вакцинаси устида иш олиб боряпти.

Жонс Хопкинс университети маълумотига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар 16 521 620 нафарга етган. Уларнинг 654 327 нафари вафот этган ва 9 590 929 нафари соғайган.


Мақола муаллифи

Теглар

коронавирус вакцинаси

Баҳолаганлар

1109

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг