Кореядан Ўзбекистонга навбатдаги инсонпарварлик юки жўнатилди

Жамият 4517
image

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси томонидан коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорлик доирасида умумий оғирлиги 34 тонна бўлган инсонпарварлик юки шакллантирилгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур кўмакнинг оғирлиги 6,2 тонна бўлган биринчи қисми Ўзбекистонга 26 апрель куни олиб келинган эди.

“Дунё” ахборот агентлигининг хабар беришича, бугун, 10 май куни умумий қиймати 192 минг долларга яқин тиббий воситалар шаклидаги навбатдаги инсонпарварлик юки ортилган Uzbekistan Airways компаниясининг махсус самолёти Сеулдан Тошкентга парвоз қилган.

Қимматли юк таркибига автоматик бошқариладиган кўп функцияли тиббий каравот, антисептик ва дезинфекция воситалари, тиббий ниқоблар, инсон иммун тизимини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган озуқавий қўшимчалар киритилган.

Инсонпарварлик ёрдами Жанубий Кореянинг “BOMI Engineering”, “LH Corporation”, “Evergreen Motors”, “Infinity Co., Ltd.” компаниялари, Шинхан университети ҳамда ушбу мамлакатда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар ва ўзбекистонлик талабалар томонидан тақдим этилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 118
Рейтинг: 2.9
t
×