Кореяда нима бўлди, кимлар ўлди? Фожианинг асосий тафсилотлари

Олам

image

29 октябрь куни Сеул марказидаги Итхэвон пиёдалар кўчасида Хеллоуин байрамини нишонлаш вақтида тиқилинч юзага келди. Унда 150 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 130 дан ортиқ киши жароҳат олди. 

QALAMPIR.UZ кўплаб одамларнинг қурбон бўлишига олиб келган ушбу воқеа ҳақида асосий маълумотларни тўплади. 

Фавқулодда вазиятларнинг сабаблари ва оқибатлари

Полиция ҳисоб-китобларига кўра, 29 октябрь куни барлар, ресторанлар ва клублар билан тўла Итхэвон ҳудудида 100 мингга яқин одам тўпланган. 

Фожиа маҳаллий вақт билан соат 22:20 атрофида Итхэвон метро бекати яқинида жойлашган “Hamilton” меҳмонхонаси яқинидаги тор пиёдалар кўчаларида бошланган. 

ОАВ хабарларига кўра, йўлакнинг кенглиги тахминан 4 метр ва узунлиги 40 метрни ташкил қилади. 

YTN телеканали тиқилинчга таниқли шахс барлардан бирида кўриниш берганини сабаб қилиб кўрсатди. 

KBS телеканалига кўра, фожиага клублардан бирида гиёҳванд моддалар солинган конфет берилгани айтилаётган одамларнинг ноўрин хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган. 

Бошқа версияга кўра, икки хил йўналтирилган одамлар оқимининг тўқнашуви содир бўлган. 

“Yonhap” ахборот агентлигининг хабар беришича, тиқилинч вақтида яқин атрофдаги муассасалар одамларни ичкарига киритмаган. 

Бу воқеа Корея Республикасида 2014 йилда Sewol пароми чўкиб кетганидан бери содир бўлган энг катта фожиа бўлди. 

Сеул аҳолиси Итхэвон туманидаги тиқилинч яқинидаги вақтинчалик ёдгорлик пойига гул қўйди. 

Фожиа қурбонлари

Ҳодиса оқибатида 150 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 130 дан ортиқ киши жароҳатланган, улардан камида 82 нафари шифохонага ётқизилган. 

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг катта қисми 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. 

KBS хабарига кўра, Корея Республикаси полицияси 153 кишининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлган. 

Сеул ҳукуматига тиқилинч муносабати билан бедарак йўқолганлар ҳақида 355 га яқин хабар келиб тушган. 

“Yonhap” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 14 давлатдан 26 нафар хорижлик тиқилинч қурбони бўлган. Улар орасида бир нафар ўзбекистонлик ҳам  бор. Аёллар кўпчиликни ташкил қилади – 154 кишидан 98 таси. Яна 56 эркак қурбон бўлган. 

Сеул қутқарув хизматлари вакилининг сўзларига кўра, 15 нафар хорижлик фуқаро жабрланган. 

“Yonhap” агентлиги Корея Республикаси Миллий Мудофаа вазирлигидаги манбаларига таяниб, ҳалок бўлганлар орасида уч нафар ҳарбий хизматчи борлигини маълум қилди. Уларнинг яна тўрт нафар ҳамкасби жароҳатланган.
 
“Синхуа” ахборот агентлигининг хабар беришича, тиқилинчда камида тўрт нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлган. Яна икки киши яраланган. 

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигида қайд этилганидек, республика талабаси тиқилинчда ҳалок бўлди. 

“Kyodo” агентлигининг хабар беришича, тиқилинч оқибатида камида икки япон фуқароси ҳалок бўлган. 

Эроннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси тиқилинчда камида беш нафар республика фуқароси ҳалок бўлгани, яна бири яралангани ҳақида хабар берди. 

BFM телеканали Франция ТИВ вакилига таяниб, тиқилинч оқибатида бир француз ҳалок бўлгани, яна икки Франция фуқароси жароҳатлангани ҳақида хабар берди. 

Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Тани Сангратнинг айтишича, тиқилинчда камида бир нафар Таиланд фуқароси ҳалок бўлган.
 
Россиянинг Жанубий Кореядаги элчихонаси ҳодиса оқибатида тўрт нафар россиялик аёл ҳалок бўлганини маълум қилди. Бир жабрланувчининг аҳволи нормал деб баҳоланмоқда. 

Маҳаллий вақт билан соат 03:00да Жанубий Кореянинг бир неча юз нафар аҳолиси ва сайёҳлар воқеадан кейин Итхэвон ҳудудида дам олишни давом эттирган. 

Маҳаллий ҳокимиятнинг муносабати

Воқеа жойига 1700 дан ортиқ шифокор ва қутқарувчи ҳамда 140 та тез тиббий ёрдам ва ўт ўчириш бригадаси жўнатилди. 

YTN хабарига кўра, қутқарувчилар жонлантириш муоолажаларини кўчада амалга оширган. Қайд этилишича, 70 га яқин одамнинг ўлими воқеа жойида аниқланган, қолганлари йўлда ёки шифохоналарда вафот этган. 

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, етиб келган шифокорлар кўп сонли жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатишга улгурмаган. Уларга кўчадаги одамлар ҳам ёрдам берган. 

Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль ва Бош вазир Хан Доксу тиббиёт ходимларини жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатишга чақирди. 

Сеул мэри О Се Хун Европага сафарини бекор қилишга қарор қилди. 

Юн Сок Ёль мамлакат ва Сеул ички ишлар вазирлари, шунингдек, тезкор ва қутқарув хизматларининг бошқа вакиллари иштирок этган воқеа муносабати билан фавқулодда йиғилиш ўтказди. 

Жанубий Кореяетакчиси барча ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг шахсини тезда аниқлашга ва уларнинг яқинларига хабар беришга чақирди, дафн маросимини ташкил этишда ёрдам беришга ва воқеани чуқур ўрганишга ваъда берди. 

Мамлакатда миллий мотам эълон қилинди. У 5 ноябргача давом этади. 

Ҳодиса муносабати билан ташкилотчилар Хеллоуин байрами муносабати билан ўтказиладиган фестивал ва парадларни бекор қила бошлади. 
Шаҳар ҳокимияти одамлар ўликларнинг хотирасини ҳурмат қилишлари учун бир нечта қурбонгоҳлар ташкил этишга ваъда беришди. Улардан бири фожиа содир бўлган жойга ўрнатилади. 

Фожиа муносабати билан ҳукуматдаги Фуқаролик кучлари партияси ва асосий мухолифатдаги Тобуро демократик партияси томонидан фавқулодда йиғилишлар ўтказилди. 

Жанубий Корея раҳбари Сеулнинг бир қисмини махсус офат ҳудуди деб эълон қилди. 

Дунёдаги реакция

АҚШ Президенти Жо Байден қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. 

АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливаннинг айтишича, Вашингтон фожиа муносабати билан Сеулга ҳар қандай зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр.

Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Вашингтоннинг бошқа расмийлари томонидан ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзлари йўлланган. 

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар Жанубий Корея билан бирдамлик ва қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. 

Стало известно о возможной гибели 25-летней петербурженки в давке в Сеуле

Япония Бош вазири Фумио Кисида Twitter’да Сеул марказидаги тиқилинчдан қаттиқ ҳайратда ва қайғуда эканлигини айтди. 

Германия, Буюк Британия, Мексика, Франция, Канада, Австралия, Тожикистон, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари ҳам ҳалокатли тиқилинчга муносабат билдиришган. 

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель содир бўлган фожиа ҳақида гапирди. 

Хитойнинг Корея Республикасидаги элчихонаси ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатишга ваъда берди. 

Россия Президенти Владимир Путин тиқилинчда одамларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.  

Рим папаси Франциск ҳам ҳамдардлик билдирди. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Сеулдаги фожиада ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея

Баҳолаганлар

247

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made