Корея Президенти импичментдан қутулиб қолиши мумкин
Олам
−
07 Декабрь
3128Бугун, 7 декабрь куни Жанубий Кореянинг ҳукмрон партияси Президент Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш бўйича овоз беришни бойкот қилди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.
Қайд этилишича, “Халқ кучи” ҳукмрон партиясидан бўлган аксарият депутатлар мамлакат парламенти – Миллий ассамблея мажлислар залини тарк этган. Бу Президент импичменти бўйича овоз беришни бойкот қилишга уриниш сифатида баҳоланмоқда. Маълумотларга кўра, ушбу қарор парламент мажлиси бошланишидан сал олдин қабул қилинган. Шунга қарамай, депутатлар ўз позицияларидан келиб чиқиб, индивидуал равишда овоз беради.
Импичмент эълон қилиш учун Миллий ассамблея аъзоларининг учдан икки қисми, яъни 200 нафардан кам бўлмаган депутат ушбу таклифни қўллаб-қувватлаши керак. Ҳукмрон партия аъзолари 108 ўринга эга бўлса, мухолифат вакиллари 192 ўринга эга, улардан 171 таси Демократик партия аъзолари ҳисобланади.
Агар парламент импичментни қўллаб-қувватласа, ушбу қарор мамлакат Конституциявий судига якуний кўриб чиқиш учун юборилади. Агар кутилганидек, парламентда овоз бериш муваффақиятсизликка учраса, қонунчилар Юннинг импичменти бўйича овоз беришлари мумкин бўлган навбатдаги сана – 11 декабрь бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль тўғридан тўғри эфир орқали мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этиш қарори учун халқдан узр сўраган эди. Шунингдек, у президентлик тақдирини мухолифат партия вакилларига топширишини билдирган.