Контрабанданинг қора тутуни: 1 млрд 240 млн сўмлик сигареталар ёқиб юборилди
Жамият
−
16 Февраль
32062023 йил давомида Ўзбекистонга 2 миллион дона тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилгани ҳақида биласизми? 2024 йилнинг шу даврига қадар эса нақд 56 та шундай ҳолат кузатилган. 15 февраль куни Контрабандага қарши курашиш бошқармаси томонидан жами 110 минг қути сигареталар ёқиб юборилди.
“Бугун тамаки маҳсулотларини ноқонуний йўл билан олиб кирилиш ҳолатлари бўйича ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган қиймати 1 миллиард 240 миллион сўмдан ошган 110 минг қутидан зиёд 3 хил турдаги тамаки маҳсулотлари йўқ қилинмоқда. Мазкур тамаки маҳсулотлари кўриниш ҳамда хусусият жиҳатдан сифатсиз ва контрафакт ҳисобланади. Бу инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдиради. Ушбу маҳсулотлар Ўзбекистонда белгиланган талабларга жавоб бермайди. Маҳсулот нафақат акциз марка билан маркаланмаган, балки ишлаб чиқарилганлиги билан боғлиқ рақамли маркировка ҳамда тиббий огоҳлантириш белгилари мавжуд эмас. Эътибор берсангиз, қутида ҳаттоки ишлаб чиқарилган сана ҳам кўрсатилмаган. Бу ушбу маҳсулотлар сифатсиз эканлиги ва инсон саломатлигига хавф туғдиришидан далолат беради”, дейди Божхона қўмитаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи Акромжон Аҳлимирзаев.
Бошқарманинг маълум қилишича, ушбу маҳсулотлардан 108 минг 138 қутиси Сирдарё вилоятидаги хонадонлардан бирида топилган.
“Бугунги ҳолатда қонунбузар Абдибоев томонидан қўшни давлатдан олиб келинган тамаки маҳсулотларини Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги хонадонлардан бирига жойлаштираётган вақтда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган. Гулистон шаҳар судининг ҳукмига кўра, фуқаро Абдибоев содир этган жинояти учун 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган”, дейди Божхона қўмитаси матбуот котиби Нурбек Саломов.
Рақамлар қанча катта бўлмасин, афсуски бу хамир учидан патир. Жумладан, биргина 2023 йилнинг ўзида 291 та ҳолатда 5 миллион 700 минг қути тамаки маҳсулотлари контрабанда йўли билан мамлакатга олиб кирилаётган вақтда ушлаб қолинган. Бу 2022 йилда кузатилган ҳолатларга нисбатан 3,5 баробарга кўпдир. Жорий, 2024 йилнинг шу даврига қадар эса 528 минг 740 қути сигарета ашёвий далил сифатида мусодара қилинган.
"2023 йил давомида жами 291 та қонунбузарлик ҳолатларида 5 миллион 700 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Унинг умумий қиймати 92,2 миллиард сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида божхона ходимлари томонидан 56 та қонунбузарлик ҳолатларида 14 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинди” дейди Саломов.
Маълум қилинишича, ушбу маҳсулотлар кўп ҳолларда Ўзбекистонга транзит йўл билан олиб кирилади, аммо мамлакатда ноқонуний олиб қолинади.
Барчага маълумки, тамаки маҳсулотлари инсон ҳаёти учун зарарлидир. Фактларга кўра, ундан чиққан тутуннинг тўртдан бир қисми, яъни 25 фоизи инсон организмида қолади. Қолган 75 фоизидан эса атрофидагилар зарар кўради.
Мазкур ноқонуний сигареталарни ёқиш мобайнида улардан чиқадиган тутун атроф-муҳитни зарарламайди, деган савол туғилади. Бошқарма масъулининг билдиришича, сигареталар ёқилаётган қозонларга махсус фильтрлар ўрнатилган. Улар чиқаётган тутундаги зарарли моддаларни ушлаб қолади.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, 2023 йил давомида 2 миллион қути тамаки ёқиб, йўқ қилинган. Шу йил давомида ушлаб қолинган 3,7 миллион қутининг тақдири нима бўлди, дерсиз. Бошқарма ходимининг сўзларига кўра, ушбу маҳсулотлар бўйича ҳали тергов иши якунланмаган. Улар ҳам суд ҳукми эълон қилингандан сўнг, йўқ қилиш учун олиб келинади.
ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили 8 миллиондан ортиқ одам сигарет тутуни туфайли вафот этади. Ушбу ўлимларнинг 1 миллион 200 мингтаси билвосита, яъни атрофидагиларнинг чекиши оқибатидир. Сигарет чекиш қарийб 50 фоиз ҳолатда ўлим билан якунланади. Энг ачинарлиси эса ҳар йили 65 минг бола тутун таъсиридан вафот этади. Шунга қарамай, дунёнинг кўплаб давлатларида тамаки савдоси энг харидоргир ва соққали бизнес ҳисобланади. Афсуски, Ўзбекистонда ҳам сигарет чекувчиларнинг сонини оз, деб бўлмайди. Бу ҳар куни юзлаб болаларнинг заҳарланиши, ўнлаб инсонларнинг ўлими демакдир. Шундай экан, ўзингизни, оилангиз ва фарзандларингиз соғлиғига бефарқ бўлманг!
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь