Божхонада ушлаб қолинган маҳсулотлар қаерга кетяпти?
Таҳлил
−
18 Май
5515Маълумки, мамлакатга ноқонуний олиб кирилган товарлар божхонада ушлаб қолинади. Аммо ҳаммани бир савол ўйлантиради: Хўш, кейин-чи, бу маҳсулотлар нима қилинади? Ҳозир биз Тошкент шаҳар Сергели туманидаги заводлардан биридамиз. Бу ерда Божхона қўмитаси томонидан 2023 йилда иккита ҳолатда ушлаб қолинган 172 минг қутидан ортиқ тамаки маҳсулотлари ёқиш йўли билан йўқ қилинмоқда.
Одамлар орасида божхонада ушлаб қолинган товарлар қайта ноқонуний савдога чиқарилади деган фикрлар юриши мумкин. Аммо бу иш айтилганичалик осон эмас. Мусодара қилинган ёки йўқ қилишга қарор чиқарилган товарларнинг ҳар бири саноқдан ўтказилади ҳамда ҳужжатлаштирилади, сўнгра катта миқдорда мана бундай заводларга олиб келиб жамоатчилик иштирокида, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ходимларини кенг жалб этилган ҳолда йўқ қилинади. Йўқ қилиш усули товарнинг турига ҳам боғлиқ.
Бугунги тадбирда нақд 172 минг 392 қути тамаки маҳсулотлари ёқиш йўли билан йўқ қилинди. Уларнинг 154 минг 320 қутиси 2023 йилнинг август ойида Тошкент шаҳар Божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда аниқланган. 2 нафар фуқаро муқаддам Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний олиб кирилган тамаки маҳсулотларини яшаш хонадонида сақлаб келган. 32 номдаги ушбу товарларнинг умумий қиймати 2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган. Шундан сўнг, ушбу 2 фуқаро Жиноят кодексининг 186-моддаси 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ҳамда уларга 4 йил-у 6 ой озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Шу ўринда бундан аввалги ишларда жиноятчиларга кўпроқ муддат берилгани, бу сафар товарларнинг миқдори катта бўлишига қарамай, айбдор деб топилган шахсларга фақатгина озодликдан чеклаш жазоси берилаётгани журналистларда қизиқиш уйғотди. Ушбу вазиятга мутахассис қуйидагича жавоб берди:
“Аввалги ҳолатда айбланган шахс муқаддам ҳам айнан шу турдаги жиноят бўйича судланган эди. Бундан ташқари, аввалги ҳолатда 2-3 та партия бўлган эди. Шунинг учун унга 8 йилдан ортиқ муддат берилган. Бу ҳолатда эса 2 та фуқаронинг устидан Тошкент шаҳрида ноқонуний маҳсулотни муомалага киритиш бўйича иш кўрилган”, дейди у.
Ноқонуний маҳсулотлар нафақат жиноят содир этган шахснинг, балки харидорнинг ҳам ҳаётини таҳликага қўйиши мумкин. Чунки бундай товарларнинг таркиби кўп ҳолларда сифат талабларига жавоб бермайди.
Шу ўринда савол туғилади. Ноқонуний товарни қонуний йўл билан олиб кирилганидан қандай ажратиш мумкин? Суриштирув бошқармаси бошлиғининг сўзларига кўра, бундай товарлар 3 та белгига кўра фарқланади: акциз маркасининг ва тиббий огоҳлантиришнинг мавжудлиги, рақамли маркировка талаби бажарилгани.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, жиноятчилар ҳам анойи эмас, улар орган ходимларини чалғитиш мақсадида транзит йўлларни ўзгартириб туришади, баъзида хўрак учун маҳсулот жўнатиб, ортидан катта партияни яширинча олиб кирмоқчи бўлишади. Хусусан, яқинда ҳам Сурхондарё вилоятида шундай ҳолат аниқланган. Ҳозирда ушбу иш юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, тадбир давомида билдирилишича, бугун Ўзбекистонга ноқонуний маҳсулот олиб кириш кўрсаткичи 23 фоиздан 16 фоизгача тушган. Хусусан, 2023 йилда 291 та, жорий йилда эса 196 та ҳолат аниқланган. Натижада ўтган йили 92,2 миллиард сўмлик 5,7 миллион қути, 2024 йилда эса 17,7 миллиард сўмлик салкам 798 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
Унутмангки, мамлакат ҳудудига ноқонуний товар олиб киришга уриниш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бундан ташқари, ушбу маҳсулотлар соғлиқ учун ҳам зарарли бўлиши мумкин. Шундай экан, ўзингизни ноқонуний маҳсулотлардан асранг!
LiveБарчаси