Ўзбекистон орқали тамаки транзити бўйича талаблар белгиланмоқда
Жамият
−
02 Ноябрь
1500Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг транзит тартиби белгиланмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 30 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали тамаки маҳсулотларини транзит олиб ўтишда божхона назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида сўз боради.
Низомга кўра, тамаки маҳсулотларини транзит олиб ўтишда ваколатли шахс товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги дастлабки электрон маълумотларни тақдим этишда белгиланган маълумотлар билан бирга қуйидагилар кўрсатилган ҳолда мурожаат қилади:
- товар ишлаб чиқарилган мамлакат сертификати ва унинг электрон нусхаси;
- етказиб бериш шартномасининг (битимининг) электрон нусхаси;
- товарлар бир нечта қисмга ажратилиб, транзит йўли билан ташилган тақдирда, уларни олиб ўтиш жадвалининг электрон нусхаси;
- товарлар транзити бўйича божхона тўловлари суммаси божхона органларининг депозит ҳисобварағига ўтказилганлигини тасдиқловчи маълумотлар;
- товарларнинг қабул қилувчи давлатнинг акциз маркаси билан маркалангани тўғрисидаги маълумотлар, қонунчиликка мувофиқ акциз маркаси талаб этилмайдиган ҳолатлар бундан мустасно.
Бунда дастлабки маълумотлар фақат транспорт воситаларининг инспекцион кўрик мажмуалари билан жиҳозланган чегара божхона постлари орқали тақдим этилади.
Транзит учун божхона тўловлари суммаси миллий валютада ёки АҚШ долларида божхона органининг депозит ҳисобварағига ўтказилади. Депозит ҳисобварағи тўғрисидаги маълумотлар Божхона қўмитасининг расмий веб-сайти ҳамда чегара ўтказиш пунктларига жойлаштирилади.
Товарлар божхона назоратидан ечилгандан сўнг 5 иш куни ичида тўланган божхона тўловлари тўловчига қайтарилади.
Ҳужжат жорий йилнинг 31 октябрь кунидан кучга кирган.
LiveБарчаси