Малайзия вазири тақиқланган жойда чеккани учун жаримага тортилди

Олам

image

Бугун, 18 декабрь куни Малайзиянинг Ташқи ишлар вазири Датук Сери Муҳаммад Ҳасан тақиқланган жойда тамаки чеккани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда “Malay Mail” газетаси хабар берди.

Бу вазирнинг Малай яриморолининг жануби-ғарбий соҳилидаги Негри-Сембилан штатидаги ресторанда сигарет тутаётгани акс этган сурати ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганидан кейин маълум бўлган.

Малайзияда 2019 йилда барча емакхоналар ва ресторанларда чекиш ноқонуний деб эълон қилинган, жорий йилнинг октябрь ойида эса қўшимча чекловлар киритилган.

Давлат амалдори ўз хатосини тан олган ва соғлиқни сақлаш расмийларидан қоидабузарлик ҳақида хабар олганини айтган.

“Агар бу ташвиш туғдирса ва жамоатчилик учун муаммо бўлиб қолса, мен чин дилдан кечирим сўрайман ва ундириладиган тўловни тўлайман”, деган вазир.

У Путражая ҳудудида Иордания ҳукумати ташаббуси доирасида Малайзиянинг Фаластинга қўшган ҳиссаси бўйича ўтказилган йиғилишда халқдан узр сўраган.

Малайзия Соғлиқни сақлаш вазири Зулкэфли Аҳмад ҳам фикр билдирган ва 2024 йил 1 октябрдан кучга кирган “Жамоат саломатлиги учун тамаки назорати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳеч ким қонундан устун эмаслигини таъкидлаган.

“Тўғрисини айтганда, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Муҳаммад Ҳасан қонунбузарлиги учун ўзига жарима солишни сўради ва жаримани тўлашини айтди”, деган у.

Маълумот учун, Муҳаммад Ҳасан 2023 йил 12 декабрда лавозимга киришган. Малайзияда чекиш тақиқланган жойларда чекувчи шахслар ўн минг ринггитдан кўп бўлмаган миқдорда жарима ёки икки йилдан ортиқ бўлмаган муддатга қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

тамаки жарима Малайзия Ташқи ишлар вазири Датук Сери Муҳаммад Ҳасан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг