Ургутда фуқаро 7 кг опий билан ушланди (видео)
Жамият
−
10 Август 2023
5427Самарқанд вилояти Ургут туманида фуқаронинг уйидан 7 килограмм 187 грамм опий топилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ургут туманида яшовчи 45 ва 37 ёшли опа-сингил 911 грамм опий моддасини 12 минг долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор суриштирув давомида улар ушбу таъқиқланган моддаларни Ургут туманида яшовчи 33 ёшли икки нафар эркакдан олгани аниқланиб, улар ҳам қўлга олинган. Шунингдек, уларнинг яшаш хонадонларида ўтказилган тинтув-тергов ҳаракатлари давомида қўлга олинганлардан бирининг уйидан 228 грамм ва иккинчисиникидан 7 килограмм 187 грамм опий моддаси холислар иштирокида топилган ва процессуал тарзда расмийлаштирилган.
Аниқланишича, тадбир давомида бу моддалар Ўзбекистонга Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган. Ҳозирда мазкур 4 нафар шахсга нисбатан хизматнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) 2-қисми ва 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойдан Ўзбекистонга почта орқали юборилган 75 килограмм прегабалин кучли таъсир қилувчи моддасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь