Консулхона Туркиядаги ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди
Жамият
−
04 Апрель 2023
25338Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди. Бу ҳақда консулхонанинг расмий Telegram-каналида хабар қилинди.
Қайд этилишича, консулхонага сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари орқали Ўзбекистон фуқароларини Туркия ҳудудида содир этилган турли жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликлар иштирокчиси бўлиб қолганликлари ҳақида тез-тез хабарлар келиб тушмоқда.
“Бундай кўнгилсиз ҳолатларда жабр кўришингиз ёки айбдор бўлиб қолишингизнинг олдини олиш мақсадида, сиз меҳмон бўлиб турган мамлакат қонун талабларига қатъий риоя қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингизнинг ҳаёти, соғлиғи ва мулкига хавф туғдириши мумкин бўлган жойлар ва шахслардан йироқ бўлишингизни, бундай вазиятларни келтириб чиқармаслик чораларини кўришингизни, мусофир юртда ватандошларимизга ўзаро ҳурмат ва ёрдам кўрсатишингизни яна бир бор илтимос қиламиз”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, агар фуқаролар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бирон бир сабабга кўра ушланса ёки ҳибсга олинса, бу ҳақда зудлик билан Бош консулхонага хабар берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
“Шу билан бирга ижтимоий тармоқларда текширилмаган маълумотларни тарқатмасликни, фуқароларнинг шахсий даҳлсизлик ҳуқуқларига риоя қилишни ва бу орқали қонун олдида жавобгар бўлиб қолишдан ўзингизни асрашингизни сўраб қоламиз”, дейилади консулхона хабарида.
LiveБарчаси