Коммунал ва тиббиёт тизими мулозимлари пора олаётган пайтида ушланди
Crime
−
08:53 2237 2 minutes
“Андижон сув таъминоти” раҳбари 8 500 АҚШ доллари билан, Қашқадарё вилоятида эса тиббиёт соҳасидаги мансабдор шахс 3 000 АҚШ доллари пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, “Андижон сув таъминоти” АЖнинг вилоят туманларидан биридаги филиали бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, мансабдор танишлари орқали 1983 йилда туғилган фуқаронинг янги қурилган хонадонига оқава сув тармоғи тортиш учун рухсат олиш ва канализация насоси ўрнатишда ёрдам бериш эвазига 8 500 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ушбу мансабдор сўралган пул маблағини учинчи шахс орқали олган вақтида қўлга олинган.
Шунингдек, яна бир ҳолатда Қашқадарё вилояти ОИТСга қарши курашиш марказининг туманлардан биридаги ОИВ диагностика лабораторияси лаборанти 1996 йилда туғилган фуқарога нисбатан тайинланган экспертиза хулосасини мансабдор танишлари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 3 000 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, лаборантдан 2 500 АҚШ долларини олган вақтида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг туман бўлими бошлиғи ҳам қўлга олинган.
Билдирилишича, ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида сохта маълумотлар билан бюджетдан қарийб 12,9 миллиард сўмлик субсидия ажратилгани аниқланганди.
Live
All