Комилов Бакуда. У Човушўғлу билан учрашув ўтказди
Жамият
−
14 Октябрь 2019
2422Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов айни вақтда Озарбайжон пойтахти Бакуда бўлиб турибди. Вазир 14-15 октябрь кунлари Озарбайжонда ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг еттинчи йиғилишида иштирок этади.
Кеча, 13 октябрь куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вазирлар Ўзбекистоннинг Туркий кенгашда тўла ҳуқуқли иштироки юзасидан бир-бирларини самимий табрикладилар ва бу ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик салоҳиятини кескин оширишига ишонч билдирдилар.
Учрашувда Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлигининг долзарб масалалари, уни аниқ йўналишларда ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида кўп қиррали ҳамкорликни икки томонлама ҳамда Туркий кенгаш шаклида янада кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг еттинчи саммитида иштирок этиш учун Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрига жўнаб кетди.