Комилов ҳарбий инқироз, сиёсий эгоизм ва глобал “ўйинчи”лар ҳақида гапирди
Интервью
−
25 Октябрь 2020
9967Маълумки, пандемия ортидан иқтисодий танглиқ, қашшоқлик, озиқ-овқат етишмовчилиги, уруш ва намойишларни етаклаб келди. Дунёнинг етакчи мамлакатлари ўртасидаги зиддият ортмоқда. Сиёсий инқирозлар кузатилмоқда. Қирғизистондаги вазият, Туркия ва Европа мамлакатлари, жумладан Греция ва Франция билан кузатилаётган совуқ муносабатлар, Хитой ва АҚШ келишмовчилиги, Қорабоғда бошланган уруш, Беларусдаги беқарорлик фақат бир минтақага эмас, балки бутун дунёга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг қайд этишича, “турли глобал “ўйинчи”лар ўртасидаги халқаро сиёсий номутаносибликлар дунё миқёсидаги ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни сотиш занжирларининг бузилиши, эркин савдога зарар етиши, инвестициялар оқими ва иқтисодий алоқаларнинг сусайишига олиб келмоқда”. Бу ҳақда у “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида гапирган.
“Коронавирус пандемияси кенг миқёсли ва кўриниб тургандек, узоқ муддатли таъсир кучига эга, бир кеча-кундузда тугамайдиган глобал ҳодиса сифатида аллақачон замонавий дунё жараёнларининг барча соҳалари — сиёсат, иқтисодиёт, маданият, экология, инсон тараққиётида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлди. Кўплаб мамлакатларда соғлиқни сақлаш инқирози шу пайтгача мавжуд бўлган иқтисодий муаммолар, ижтимоий ва гендер тенгсизликни янада кучайтирди, бугун қатор минтақалар дуч келаётган табиий офатларнинг салбий таъсирини оширди. Шунингдек, у давлатларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва халқаро фаолиятнинг устувор йўналишларини ўзгартиришга ёки тузатишлар киритишга мажбур қилди. Бундай шароитда инсониятнинг турмуш тарзи ҳам ўзгариб бормоқда.
Шу сабабли атрофимиздаги тез ўзгараётган дунё ҳақида гапирганда унинг нафақат “пандемик ўлчови”, балки ўзаро боғлиқ бўлган янги ҳодисаларнинг бутун бир жамланмасини назарда тутиш керак. Улар турли мамлакатларнинг ички ҳаётини, халқаро сиёсат, дунё иқтисодиёти, жаҳон хўжалик муносабатларини, шунингдек, глобал ахборот, технологик ва ижтимоий-гуманитар алоқаларни қамраб олмоқда. Умуман олганда, сўз шаклланаётган сифат жиҳатидан янги халқаро муносабатлар тизими, эҳтимол тубдан ўзгарган янги дунё тартиби ҳақида кетмоқда.
Ушбу муносабатлар нафақат сиёсий, иқтисодий асосларни, балки, эътибор қаратмоқчиманки, замонавий дунё тартиби қадриятларини жиддий қайта кўриб чиқиш жараёнида шаклланмоқда. Аниқроқ қилиб айтганда, буни, масалан, айрим давлатларнинг миллий эгоцентризм, деб аталмиш хусусиятлари кучайишида, кўплаб ҳукуматларнинг, авваламбор, ўз мамлакатлари ёки ҳатто уларнинг алоҳида сиёсий доираларининг манфаатларини таъминлашга интилишида кўриш мумкин. Шундай ҳам ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий, гуманитар ривожланиш босқичи жиҳатидан сезиларли даражада фарқ қиладиган давлатларнинг тенгсизлиги тобора кучаймоқда”, дейди Абдулазиз Комилов.
Ўзбекистон ташқи дипломатиясининг етакчи сўзида давом этаркан, давлатлар ўртасида ўзаро муаммолар халқаро даражадаги масалаларни ҳал етишда тўсиқ бўлаётганини қайд этади.
“Айрим давлатлар ўртасидаги зиддиятлар чуқурлашиб, ахборот, технологик, санкциявий урушларнинг янада кескин босқичларига айланиб бормоқда. Биз дунёнинг турли минтақаларида зўравонлик ва ҳарбий инқирознинг авж олишига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Афсуски, буларнинг барчаси дунёнинг етакчи давлатлари муносабатларидаги тизимли кескинликлар муҳитида содир бўлмоқда. Бирор бир давлатни четлаб ўтмаган пандемия шароитида ушбу кескинлик умумжаҳон муаммоларига ечим топишга, жумладан, камбағаллик, қашшоқлик ва очлик, хавфли касалликлар ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. COVID-19 нинг чегара ёпилиши, карантин зоналари белгиланиши, таъминотнинг узилиши ва бошқа кўринишдаги тўғридан-тўғри таъсири билан бирга, турли глобал “ўйинчи”лар ўртасидаги халқаро сиёсий номутаносибликлар дунё миқёсидаги ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни сотиш занжирларининг бузилиши, эркин савдога зарар етиши, инвестициялар оқими ва иқтисодий алоқаларнинг сусайишига олиб келмоқда”, дейди Комилов.
Абдулазиз Комиловга кўра, халқаро майдондаги қоидалар янада қатъийлашиши мумкин. Ўзбекистон давлатлараро муносабатлардаги сиёсий эгоизм ортда қолиб, дунёнинг барча етакчилари томонидан пандемияга қарши курашиш ва бошқа умумий муаммоларни ҳал қилиш жараёни саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳамжиҳатлик ва бирдамликни талаб қилаётганини англанишига умид қилаётганини урғулайди вазир.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь