“Коля Қирғиз”га алоқадор тадбиркорлар қўлга олинди
Олам
−
29 Декабрь 2023
9050Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси уюшган жиноий гуруҳнинг марҳум раҳбари Қамчи Кўлбоев (“Коля Қирғиз”)га алоқадор тадбиркорларни қўлга олди. Бу ҳақда бошқарма матбуот маркази хабар берди.
Маълумотларга кўра, гумонланувчилар "қонундаги ўғри" деб аталган “Коля Қирғиз” ҳомийлигидан фойдаланиб, россиялик инвесторларнинг пулларини алдов йўли билан ўзлаштириб олган.
2018 йилда Россия фуқароси “Айсео” МЧЖ билан стратегик ҳамкорлик шартномаси доирасида Иссиқкўлда коттежлар қурилишига 14 миллион доллар сармоя киритган.
“Аммо, Иссиқкўл вилоятининг Корумду қишлоғида шаҳарча қурилгач, гумонланувчилар Қамчи Кўлбоевнинг жиноий алоқаларидан фойдаланиб, жисмоний зўравонлик билан таҳдид қилиб, инвесторнинг мол-мулки ва пулларини эгаллаб олган ва Қирғизистондан чиқиб кетишга мажбур қилишган”, дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ахборотида.
Ҳозирда “Айсео” МЧЖнинг икки эгаси ва бош ҳисобчиси қўлга олиниб, тергов давом эттирилаётгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (“Коля Қирғиз”) Бишкекда қўлга олинаётганда мамлакат Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан отиб ўлдирилганди. Шундан сўнг, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Тўқмоқ шаҳрида қўмитанинг янги биноси очилишида қатнашиб, жиноятчиларга қарата “биттаси бош кўтарса, ўша бошни чопиши”ни айтганди. Шундан сўнг Қамчибек Қўлбоев ва Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳга алоқадор 180 дан ортиқ мансабдор лавозимидан бўшатилди. Қирғизистонлик таниқли тадбиркор, Марказий универмаг (СУМ) раҳбари Анвар Габбазов (ҳозирги Маметов) халқаро қидирувга берилди. “Коля Қирғиз”га алоқадорликда гумонланиб, “Иттипак” уйғур диаспораси етакчиси ва Бишкекдаги “Мадина” бозори асосчиси Турсунтой Салимов ҳибсга олинди, унинг ўғли Илшат эса қидирувга берилди. Қирғизистон Жогорку Кенеш (парламент)ининг собиқ депутати Борис Саннинг ўғли Александр Сан ҳам қўлга олинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь