Колумбияда собиқ исёнчи Президент бўлди

Олам 6007
image

Кеча, 19 июнь куни Колумбияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Унда “Тарихий пакт Колумбия” чап қанот коалициясидан номзод Густаво Петро ғалаба қозонди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Қайд этилишича, сайлов бюллетенларининг 99,95 фоизи тезкор ҳисоблаб чиқилганидан сўнг олинган маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 50,45 фоизи Густаво Петрога овоз берган.

Амалдаги Президент Иван Дуке аллақачон Петрони ғалабаси билан табриклаган.

Ёшлигида ҳукуматга қарши қуролли кураш олиб борган Густаво Петро 62 ёшда. Талабалик даврида у радикал сўлларнинг “19 апрель ҳаракати” партизанлик гуруҳи аъзоси бўлган. 1991 йилда Колумбия Вакиллар палатаси аъзолигиа қабул қилинган. 1994 йилдан 1998 йилгача Колумбиянинг Бельгиядаги элчихонасида ишлаган, кейин яна Вакиллар палатаси аъзолигига қайтган. 2006-2010 йилларда Сенат (парламент юқори палатаси) аъзолигига қабул қилинган.

2010 йилда у биринчи марта президентликка даъвогарлик қилган, бироқ жиддий қўллаб-қувватланмаган (9 фоиз овоз тўплаган). Бир йил ўтгач, у мамлакат пойтахти Богота шаҳрининг мэри бўлган. Шу билан бирга, у Колумбиядаги сўл сиёсий кучларнинг етакчиси сифатида танила бошлаган. 2018 йилда у яна президентлик сайловларида иштирок этган, иккинчи босқичга ҳам чиққан, аммо ютқазган.

Петро президентлик даврида амалга оширишни режалаштирган сиёсий қарорлар орасида қуйидагилар жой олган: 

•  Колумбияда нефть қазиб олишдан воз кечиш; 
•  тоза энергиядан фойдаланадиган фермер хўжаликларининг юкини енгиллаштириш учун солиқ ислоҳоти; 
•  давлат томонидан нодавлат пенсия жамғармаларининг пул маблағларидан фойдаланиш ва бошқалар.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 209
Рейтинг: 2.9
t
×